Пойтахтимизда “Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлар: янгича ёндашувлар, инновацион ечимлар ва инвестициялар” мавзуида халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Экологик ҳаракати, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси асосий ташкилотчилигида ҳамда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси, Марказий Осиё минтақавий экология маркази, БМТ Тараққиёт дастури, ЮНЕСКО, Жаҳон банки ва Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) Ўзбекистондаги ваколатхоналари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори (ЕХҲТ) ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда ўзбекистонлик ва хорижий мутахассислар, эксперт-олимлар Оролбўйидаги экологик ҳолатни яхшилашга қаратилган лойиҳаларга инвестиция киритишдан манфаатдор бўлган хорижий компаниялар, халқаро ташкилотлар, етакчи молия институтлари вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари қатнашди.

Анжуман доирасида иштирокчилар Оролбўйида бўлиб, вазият билан бевосита танишди.
Ҳ.Толипов, Ўзбекистон Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи:
– Мамлакатимизда Орол фожиасининг Оролбўйи аҳолиси саломатлиги ва атроф-муҳитига салбий таъсирини юмшатиш борасида муҳим ишлар амалга ошириб келинмоқда. Муаммо кўлами минтақа экотизимларини тиклаш ва барқарор ривожланишга эришишга қаратилган саъй-ҳаракатларга кенг жамоатчилик эътиборини жалб этишни талаб қилади. Оролбўйидаги экологик муҳитни барқарорлаштиришнинг энг қулай ва арзон усули – бу ўрмонзорлар барпо қилишдир. Денгизнинг қуриган қисми 5,5 миллион гектар бўлса, шундан 3,5 миллиони бизнинг ҳудудимизга тўғри келади. Унинг 2 миллион гектарини ўрмонзорга айлантиришга эришсак, вазият анча яхшиланади. Бунинг учун эса ҳар йили 100 минг гектар майдонни ўрмонга айлантириш чорасини кўриш зарур. Агар шу тарзда жадал ҳаракат қилиб, денгизнинг қуриган қисми яшиллик билан ўралса, 15-20 йил орасида бу муаммо хавфини бартараф этишга эришишимиз мумкин. Ўтказилаётган анжуман шу жиҳатдан амалий қимматга эгаки, унда билдирилган таклиф, ғоялар ва инвестициялар Оролбўйи ҳудудининг иқлимини барқарорлаштиришга қаратилганидадир.
Али Иҳсан Чағлар, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлигининг (ТИКА) Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари:
– Оролбўйидаги экологик муҳитни яхшилаш учун ташкилотимиз 2014 йил 10 миллион доллар маблағ ажратган. Бу йилги режаларимиз ҳам улкан. Йилига 3 минг гектар майдонга саксовул экиш таклифини илгари сурганмиз. Бугунги анжуманда билдирилган фикр-мулоҳаза ва таклифлар Оролбўйи экологиясини яхшилаш ва аҳолисига қулайликлар яратишга хизмат қилади, деган умиддаман.
Жон Мак Грегор, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори:
– Орол денгизининг қуриб қолиши нафақат Ўзбекистон, Марказий Осиё балки бутун дунёга таъсир этишини унутмаслигимиз керак. Ана шуни ҳис қилган ҳолда биз бугунги тадбирда иштирок этишдан хурсандмиз. Эътиборли жиҳати Ўзбекистонда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифалар бизнинг ҳам мақсадларимизга мос тушмоқда. Зеро, бизда ҳам унда кўрсатиб ўтилган вазифалар борасида тегишли мажбуриятларимиз бор.
Херат Мантритилаке, Халқаро сувни бошқариш институтининг Шри Ланкадаги бош раҳбари:
– Бизнинг фикримизча, Марказий Осиёда яхши имкониятлар бор. Ўзбекистоннинг бу борада ўзига хос ғоялари, қарашлари ва инновацион таклифларини қўллаб-қувватлаймиз. Бу борада кўмаклашиш мақсадида биз ҳам Фарғона, Андижон ва Сурхондарё каби Амударё, Сирдарё бўйлаб жойлашган вилоятларда томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш усулларини татбиқ этиш лойиҳасини олиб боряпмиз. Мақсад сувни тежаш орқали Оролга кўпроқ сув етиб боришини таъминлаш. Шунингдек, аҳолини сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш.
Конференция иштирокчилари Орол муаммоси жаҳон ҳамжамиятининг глобал масалаларидан бирига айланиб бораётганини тан олишди. Оролнинг қуриши кейинги 50 йилдан буён Марказий Осиё минтақаси учун кенг кўламли экологик ва ижтимоий салбий оқибатлар олиб келмоқда.
МОХЭФ-2018 Маълумотлар маркази ва ЎзА маълумотларидан фойдаланилди






