Адлия вазирлиги янги танлов эълон қилди. Унда 18 ёшга тўлган Ўзбекистоннинг барча фуқаролари иштирок этиши мумкин.
Адлия вазирлиги фуқароларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий фаоллигини янада юксалтириш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, аҳоли орасида кенг кўламли тарғибот ишларини амалга ошираётган ҳуқуқ тарғиботчиларини аниқлаш ва уларни муносиб равишда рағбатлантириш мақсадида “Энг яхши ҳуқуқ тарғиботчиси” танловини ўтказади. Бу ҳақида Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар бермоқда.
Танлов қуйидаги 10 номинация бўйича ўтказилади:
- “Ҳуқуқий тарғиботдаги фидойилиги учун”;
- “Ҳуқуқий маданиятни тарғиб қилувчи энг яхши мутахассис”;
- “Ҳуқуқий маданиятни тарғиб қилувчи энг яхши журналист”;
- “Ҳуқуқий маданиятни тарғиб қилувчи энг яхши ОАВ”;
- “Ҳуқуқий маданиятни тарғиб қилувчи энг яхши блогер”;
- “Ҳуқуқий маданиятни тарғиб қилувчи энг яхши сайт”;
- “Ҳуқуқий тарғиботдаги энг яхши инновацион лойиҳа”;
- “Маҳаллада ҳуқуқий маданиятни юксалтиришдаги фаоллиги учун”;
- “Ҳуқуқий тарғиботдаги энг яқин ҳамкор”;
- “Энг ёш ҳуқуқ тарғиботчиси”.
Танлов Мустақиллик байрами арафасида ўтказилади. Унда мутахассислиги ва касбидан қатъий назар, Ўзбекистоннинг 18 ёшга тўлган барча фуқаролари иштирок этиши мумкин.
Танловда иштирок этиш истагини билдирган ҳар бир номзод ҳужжатлари ва материалларини танлов ташкилий қўмитанинг ишчи органига ариза билан топширади.
Аризага қуйидаги ҳужжатлар ва материаллар илова қилиниши лозим:
• номзоднинг паспорт нусхаси;
• номзоднинг резюмеси;
• номзоднинг сўнгги бир йил мобайнидаги жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида амалга оширган ишлари ва алоҳида ютуқлари (матбуотда чоп этилган ва веб-сайтларда эълон қилинган мақолалар, буклетлар, плакатлар, рисолалар, савол-жавоб ва шарҳловчи қўлланмалар, фото ва видеоматериаллар ҳамда ҳуқуқий тарғибот олиб борилганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар).
Ҳужжатлар йилнинг 25 июлига қадар қабул қилинади. Танловга белгиланган муддатдан сўнг топширилган ҳужжатлар ва материаллар кўриб чиқилмайди.
Ғолибларга планшет, смартфон каби қимматбаҳо эсдалик совғалари ва пул мукофотлари топширилади.
Ушбу танлов ЎзМТРК, “Туронбанк” ва Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.






