Грузия ўзининг бетакрор табиати, гўзал манзаралари, мўътадил об-ҳавоси билан довруғ таратиб келган. Мтацминда тоғи эса, ана шу жаннатмакон диёрнинг энг диққатга сазовор гўшаларидан биридир.
Мамлакат пойтахтининг шундоқ тепасида жойлашган бу хушманзара маскан ҳар бир грузин учун муқаддас қадамжо, чексиз ғурур ва ифтихор манбаи бўлиб келган. Дарвоқе бу тоғ номи ҳам грузин тилидан таржима қилинган муқаддас тоғ деган маънони беради.
Мтацминда тоғи этаклари бўйлаб асов Кура (грузинчада Мтквари) дарёси айқириб оқади. Тепаликка кўтарилганингиз сари бир томонда Тбилисининг мафтункор манзаралари иккинчи томондан эса, кўҳна Куранинг мовий мавжлари кўзга ташланади.
Тбилисига ташриф буюрган ҳеч бир сайёҳ Мтацминдани зиёрат қилмай кетмайди. Меҳмонлар учун бу тоғнинг энг юқори чўққисига забт этиш ўзига хос анъанага айланган.
Авлиё Довуднинг каромати
Халқ орасида бу тоғни Авлиё Довуд тоғи ҳам дейишади. Тоғ тепасида эрамизнинг олтинчи асрида яшаб ўтган авлиё Довуд ибодатхонаси жойлашган. Мазкур ибодатхонанинг қурилиш тарихи билан боғлиқ бир қанча ривоятлар ҳам сақланиб қолган.
Айтишларича, авлиё Довуд Шом (Сурия) юридан келиб ушбу тоғдаги ғорларнинг биридан макон тутади ва шу ерда ибодат билан машғул бўлади. Бу пайтда Тифлисда (Тбилисининг қадимги номларидан бири) бир қиз яшарди. Қиз иттифоқо бир йигит севишиб қолади ва ундан ҳомиладор бўлади. Бундан хабар топган қўни-қўшнлилар, маҳалладошлар дарҳол боланинг отаси кимлигини айтишни сўрайдилар.Бу фурсатдан фойдаланган авлиё Довуднинг рақиблари қиздан Довудни ёмонотлиқ қилиб беришни сўрашади. Қиз айбдор сифатида Довудни кўрсатади.
Довудни маҳкамага чақириб суд қилишади. Қиз ҳамманинг олдида Довудни айблайди. Довуд айбни тан олмайди. Ҳакамлар Довуддан гувоҳ келтиришни талаб қилишади. Шунда Довуд қизнинг қорнига қараб турибди: “мен сенинг отангманми?” деб сўрайди. Шунда она қорнидаги чақалоқ тилга киради ва Довуднинг айбсизлигини айтади.
Шундай сўнг шаҳар аҳлининг бу покдомон инсонга бўлган ихлоси ортиб, унга тоғ тепасида ибодатхона қуриб беришади. Бу зиёратгоҳ кейинчали халқ тилида “Мкамадавита” яъни Довуд отаномини олади. Айни пайтда ҳар йили бу иболатхона шарафига Мтацминдада “Маматавитоба” байрами ўтказилади.
Мтацминда тоғида жуда кўп шифобахш булоқлар бор. Улардан бир қанчаси тепаликдаги ибодатхоналар атрофида жойлашган. Маҳаллий аҳолининг иримларига кўра, зиёратчилар ердан кичикроқ тош олиб, ният билан тошни ибодатхона деворига теккизишади. Агар тош деворга ёпишиб қолса, зиёратчининг тилаги ижобат бўлар эмиш.
Мтацминдага чиқиш осонми?
Сершовқин шаҳар ва афсонавий табиат манзаралари орасидаги чегарани ошиб ўтиш учун унча кўп вақт сарфламайсиз. Руставели метросидан чиқиб, керакли автобусга ўтирсангиз кифоя. Саноқли дақиқалардан сўнг ўзингизни жаннатмонад манзаралар қучоғида кўрасиз.
Мтацминда тоғи ўзининг юз йиллик тарихга эга махсус тоғ трамвайи – фуникулёри билан ҳам машҳур. Уни ўтган асрнинг бошларида бир Бельгия фирмаси барпо этган бўлиб, дастлаб фақат иккита вагончани ўз ичига олган. Эндиликда замонавий осма вагонлар воситасида сиз бемалол Мтацминданинг жаннатий тароватидан баҳраманд бўла оласиз.
1990 йилда бу фуникулёрда рўй берган ҳалокат ўнлаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлганди. Шу боис бир неча йил давомида фуникулёр ўз фаолиятини тўхзтатиб қўйди. Узоқ давом этган таъмирлаш ва модернизация ишлари ниҳоясига етгач, икки йил аввал бу ажабтовур транспорт тури қайтадан ишга туширилди. Бунинг учун кассага икки лари (тахминан 3000 сўм) тўласангиз кифоя. Шаҳар марказидан бошланган сайр тоғ тепасидаги Мтацминда миллий паркида ниҳоясига етади.
Мтацминдани Тбилисининг ташриф қоғози деб айтиш мумкин. Бу гўшанинг тароватидан тўлақонли баҳраманд бўлиш учун бир кун камлик қилади.
Сир-синоатлар маскани
Дарҳақиқат бу таъриф Мтацминда тоғи учун муболаға ҳисобланмайди. Чунки, шу пайтгача бу тоғ ва унга олиб чиқувчи йўлда жуда кўп сирли ҳодисалар рўй берган.
Масалан, тоғ йўлида шундай ғайриоддий бир ҳудуд борки, бу ерда машина мотори ўчиқ бўлса-да, бемалол юқорига қараб “йўрғалай” олади. Бу ҳолатни олимлар жуда кўп бора ўрганишга ҳаракат қилишган бўлсалар-да, ҳалигача бу жумбоқни еча олишмаган. Шунингдек, бу ҳудудда маҳаллий аҳоли бир неча маротаба номаълум учар жинсларга ҳам дуч келишгани ҳақида маълумотлар бор.
Бунда ором олар буюклар...
“Мтацминда” пантеони деб номланган кўҳна қабристон ҳам грузинлар учун муқаддас гўшалардан бири саналади. Бу заминда гуржи халқининг ўнлаб асл фарзандлари, зиёлилари, шоир ва ёзувчилари, санъат ва маданият арбоблари хоки мангу қўним топган.
Қабристонда аллақандай илоҳий сукунат ҳукмрондек. Бир пайтда машҳур рус адиби Александр Грибоедов ўзиниг “Ақллилик балоси” асарида бу ҳудудни “Тбилисининг адабий гўшаси” деб номлаганди. Фалакнинг гардиши билан 1829 йилда Теҳронда отиб ўлдирилган Грибоедовни айнан шу масканда дафн этишган. Дарвоқе, Грибоедовнинг рафиқаси Нино ҳам асли грузин қизи эди. Машҳғур адиб қабри устидаги ёдгорлик тоши ҳам унинг аёли томонидан ўрнатилган. Кейинчалик Нина Чавчавадзенинг ўзи ҳам эрининг ёнида дафн этилган. Акакий Церетели, Галактион Табидзе, Нодар Думбаде, Важа Пшавела, Илья Чавчавадзе сингари кўплаб шоир ва ёзувчилар қабри ҳам айнан шу маскандан жой олган.
...Мтацминда ҳақида жуда кўп афсоналар, ривоятлар, қўшиқлар тўқилган. Бугунги кунда грузин халқининг маънавий бойлигига айланиб улгурган пойтахт мадҳияси – “Тбилисо”да ҳам бу маскан номи тилга олиб ўтилган.
Гўзал Тбилиси, Қуёш ўлкаси.
Сенсиз ҳаёт менга, айтгил, не даркор?
Яна қайда учрар дилкаш Варази?
Оқсоч Мтацминда яна қайда бор?
Чиндан-да, бу ердаги сокинлик, файзу тароват, бетакрор табиат манзараларини дунёнинг бошқа ҳудудларидан учратиш душвор...
Рустам Жабборов тайёрлади.