АсосийJamiyat

Самарқандда Мирзо Улуғбек номидаги халқаро олимпиада ўтказилади

'Самарқандда Мирзо Улуғбек номидаги халқаро олимпиада ўтказилади'ning rasmi

Самарқанд шаҳрида жорий йилнинг 19-23 июнь кунлари умумий ўрта таълим мактабларининг 10-11 синф ўқувчилари ўртасида физика ва астрономия фанлари бўйича Мирзо Улуғбек номидаги халқаро олимпиада ўтказилади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган мазкур нуфузли халқаро танловда қатнашиш учун бугун Самарқандга Россия, Беларусь, Япония, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон давлатларидан вакиллар ташриф буюрди. Илк бор ўтказилаётган халқаро олимпиадада ушбу мамлакатлар ҳамда юртимизнинг 45 нафар иқтидорли ўқувчилари физика ва астрономия фанлари бўйича беллашади.

Олимпиада назарий ҳамда экспериментал босқичда ўтказилиб, материаллар ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланган. Қатнашчилар ўзлари хоҳлаган тилларда синовдан ўтадилар.

Ўқувчилар билими дунёнинг таниқли халқаро даражадаги экспертлари, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатларининг профессор-ўқитувчилари, юртимизнинг тажрибали олимлари, амалиётчи ўқитувчилардан иборат ҳакамлар томонидан баҳоланади.

Ғолиблар ва совриндорлар ташкилий қўмита томонидан олтин, кумуш, бронза медаллари, диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланади. Ўзбекистондан қатнашган халқаро олимпиада ғолиблари юртимиздаги олий таълим муассасаларига имтиёзли ўқишга кириш ҳуқуқини қўлга киритади.

Танлов давомида иштирокчиларга юртимизнинг туризм салоҳияти намойиш этилиб, Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор масканларига саёҳатлар уюштирилади. Шунингдек, турли маъанавий-маърифий тадбирлар режалаштирилган.

Бугун кечқурун Самарқанд шаҳридаги “Мўъжиза” амфитеатрида халқаро олимпиаданинг тантанали очилиш маросими ўтказилади.

    Бошқа янгиликлар