АсосийDunyo

Саакашвилига учта жиноий иш бўйича айблов қўйилди

Грузия бош прокуратураси мамлакат собиқ президенти Михаил Саакашвилига  ички давлат қидирувини эълон қилди. Бу ҳақда newsgeorgia нашри хабар бермоқда.

Прокуратуранинг маълум қилишича, Саакашвилига қидирув эълон қилиш тўғрисидаги қарор Грузия Ички ишлар вазирлигига юборилган. Саакашвилига нисбатан ички давлат қидируви эълон қилиниши, собиқ президент Грузия ҳудудига кириши билан ҳибсга олинишини англатади.

Ҳозирда Саакашвили учта жиноий иш бўйича айбдор сифатида кўрилмоқда. Собиқ президент  8,8 миллион лари (5 млн АҚШ доллар) ноқонунан сарф қилганликда айбланмоқда.

Прокуратура Саакашвили давлат қўриқлаш хизмати учун ажратилган пуллардан ошпаз хизмати, массажчи, чет элликларнинг меҳмонхона харажати, Италияда яхталар ижараси учун сарфлаганини  тасдиқламоқда.

Саакашвили  яна иккита жиноий иш бўйича – 2007 йил 7 ноябрь куни намойишчиларни тарқатиб юбориш ва Грузия парламенти собиқ депутати Валери Гелашвилининг калтакланиши тўғрисидаги жиноий ишлар бўйича ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилганликда айбланмоқда.

Саакашвили ўтган йилнинг ноябрь ойида  ўтказилган янги президент инаугурациясидан сўнг мамлакатни тарк этган.

    Бошқа янгиликлар