АсосийJamiyat

Ўқитувчи бой бўлса, олим кўпаяди, шифокор бойиса...

'Ўқитувчи бой бўлса, олим кўпаяди, шифокор бойиса...'ning rasmi

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида “Халқ таълими тизимидаги педагог ходимларнинг ижтимоий мавқеини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳаси эълон қилинди. Мазкур қарор лойиҳаси кенг омма томонидан муҳокама этилмоқда.

ЎзА юртдошларимизнинг ана шу мавзудаги фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.

Ҳусниддин Собиров, ўқитувчи:– Қарор лойиҳаси билан танишиб чиқдим. Бизни хурсанд қилган жиҳатлари кўп. Мисол учун, ўқитувчилар ҳар чоракда бир марта, йил давомида тўрт марта ҳисобот топшириши мажбурий эди. Бунда чорак давомида бажарган барча ишларини, бажармаган бўлса, ўйлаб, топиб, кўпайтириб ҳисобот тайёрлаб берарди. Энди бу юмуш икки мартага қисқарди. Демак, ўқитувчи ёзув-чизувга сарфлаган вақтиниўқувчиларга билим беришга сарфлайди. Бу эса билим бериш сифатини ошириш, ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги муносабатларни яхшилашга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Малика Қодирова, уй бекаси: – Ўқитувчининг маошини албатта ошириш керак. Бувим айтар эдилар: ўқитувчи бой бўлса, олим кўпаяди, шифокор бойиб кетса, касал камаяди деб.

Фаррух Қосимов, ишчи: – Ўқитувчилик машаққатли касб. Биз ўқиган даврларда дарсликлар йиллар давомида ўзгармасди, болалар ҳам ҳозиргидек доно эмасди. Шундай бўлсада, ўқитувчиларимиз 45 дақиқа дарс ўтиш учун 3 соат тайёргарлик кўрамиз, деб айтишарди. Ҳозирги тезкор замонда ўқувчилар ўқитувчидан кўпроқ маълумотга эга. Саволига жавоб олмаган бола эса устозни ҳурмат қилмайди. Агар ўқитувчи учун кўпроқ шароит яратиб берилса, унинг ўз устида ишлаши учун вақти кўпроқ бўлармиди...

Жаҳонгир Сафоев, талаба: - Мактабимизда фақат хотин-қизлар дарс ўтарди. Ҳатто жисмоний тарбия устозимиз ҳам аёл ўқитувчи эди. Нега эркак ўқитувчилар йўқ, деб кўп ўйлардим. Кейин билсам, уларнинг маоши оилани боқишга етмагани, қоғозбозлик кўплиги учун эркак ўқитувчилар бошқа ишни бошини тутиб кетар экан. Демак, таълимни кучайтириш, айниқса, ўқувчи йигитларни тартибга олиш учун эркак ўқитувчиларни мактабга қайтариш, бунинг учун эса моддий манфаатдорликни ошириш керак.

Жалолиддин Раҳимов, олим:– Лойиҳа билан танишдим. Жуда яхши ташаббуслар олға сурилган.Ўқитувчининг жамиятдаги мавқейини ошириш учун, энг аввало уларга эътиборни кучайтириш керак. Ўқитувчи ўз ўқувчисини 45 дақиқа диққатини ушлаб туриш учун ҳамма нарсани унутиши ва кучли тайёрланиши керак. Лекин, уни уйи бўлмаса, ойлиги етмаётгани сабабли оиласида ҳар хил муаммолар, жанжаллар бўлаётган бўлса, қандай қилиб фикрини жамлаб, дарсга зўр тайёргарлик кўради. Демак, ўқитувчининг ташвишлари қанча кам бўлса, у дарс давомида мақсадга кўпроқ эришади.Агар қанчалик яхши дарс ўтса, шунчалик юқори рағбатланишини билса, ишга муносабат ўзгаради...

Меннинг таклифим яхши ўқитувчиларни маошини босқичма-босқич ошириб бориш, уларни уй-жой билан таъминлаш ва турли педагогик юкламаларни, қоғозбозликларни камайтириш керак. Ўқитувчи меҳнатини қоғозга қараб эмас, ўқувчилари эришаётган ютуқларга қараб баҳолаш керак.

Раҳима Ҳасанова, тикувчи: – Ўқитувчи 1 синфдан 11 синфгача ўқувчини ҳаётга тайёрлайди.Учта фарзандим мактабга қатнайди. Ота-оналар мажлиси дейишса, юрагим зирқирайди, бу сафар нимани баҳона қилиб, пул сўрашар экан деб. Агар ўқитувчининг ҳамма нарсаси етарли бўлса, турли “йиғ-йиғлар” ҳам камайган бўлармиди?

Мавлуда Сафарова, ошпаз: – Ўқитувчиларга яхши имкониятлар яратиб берилса, хурсанд бўламиз. Таълим-тарбия бериш осон эмас.

Зуҳра Исматова, ўқитувчи: – Лойиҳанинг менга ёққан жиҳати яхши ишлаган ўқитувчиларнинг имкониятлари ошиши бўлди. Улар чет элга стажировкага юборилар экан. Бу ажойиб. Яна бир қувончли жиҳати ўқувчилари ҳудудий, республика ва халқаро миқёсдаги турли фан олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритган педагог кадрларга энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баробаридан 20 баробаригача миқдорида бир марталик моддий рағбатлантириш тартиби жорий этилиши. Агар бу лойиҳалар қўллаб-қувватланса, биз бутун эътиборимизни малакамизни ошириш ва ўқувчиларнинг билимини кучайтиришга сарфлаган бўлардик.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар