Саратондан даволаниш учун Нигериядан Ҳиндистонга учган аёл Абу-Даби шаҳри аэропортидаги транзит ҳудудида вафот этди.
Амирлик ОАВларининг хабар қилишича, аёлга Эбола аломатлари ташҳиси қўйилган бўлиши мумкин, дея ёзади “РИА Новости” агентлиги.
Абу-Даби соғлиқни сақлаш бошқармасининг маълумотига кўра, 35 ёшли аёл якшанба куни оламдан ўтган.
Аёл кўкрак бези саратонидан даволаниш учун Ҳиндистонга учган, Абу-Дабида бошқа рейсга ўтиш вақтида у ўзини ёмон ҳис қилган. Аёлга аэропорт шифокорлар гуруҳи юборилган. Улар аёлда Эбола вируси аломатлари бўлиши мумкинлигини айтишди.
Ҳозирда уни кузатган 6 нафар шифокор ва самолётда аёлнинг ёнида ўтирган киши ҳам назорат остига олинган. БАА соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу рейсда учган йўловчилар саломатлигига ҳеч қандай ҳавф йўқлигини таъкидламоқда.





