1

Фарғонада болаларни қийноққа солиб келган ўгай онага жазо тайинланди

ЖИНОЯТ 26.06.2018, 10:11
Фарғонада болаларни қийноққа солиб келган ўгай онага жазо тайинланди

Халқимиз аёлни келажак яратувчиларининг тарбиячиси, меҳрибон она, садоқатли умр йўлдоши ва жамиятда ўз мавқеига эга фаол инсон сифатида ҳурмат қилади ва эъзозлайди. Лекин баъзи аёлларнинг ўз шаънига номуносиб тарзда жиноятга қўл ураётганлиги ачинарли бўлса ҳам, аччиқ ҳақиқатдир.

Андижонлик Наргиза Ҳамидова (исми фамилияси ўзгартирилган) ҳам жиноятга қўл урди. Гулдек фарзандларга меҳр бериш, тарбиялаш ўрнига уларни сурункали равишда қийноққа солиб келди.

Н. Ҳамидова 2011 йилнинг бошидан 2017 йил 26 июнь кунига қадар бўлган вақт давомида Фарғона шаҳрида яшаб келиб, ўзи билан бирга яшовчи ўгай фарзандлари бўлмиш 2004 ва 2007 йилда туғилган вояга етмаган Гулноза ва Шоҳрухга руҳий ва жисмоний азоб бериб келган. Уларни ожиз аҳволда эканлигини била туриб, ҳеч бир аниқ сабабсиз, ҳақорат қилиб, кечалари уйқу бермасдан муттасил равишда камар, сим, ёғоч буюм ва бошқа нарса-буюмлар, шунингдек, қўл-оёқлари билан баданини турли жойларига уриб, сочларини юлиб, дўппослаб, тан жароҳатлари етказиб келганини нима дейиш мумкин? Ахир қай она ана шундай қабиҳ ишга қўл уради?

Алоҳида яшаётган бу оиладаги салбий ҳолатлар Гулнозанинг ўгай онадан калтак еб, йиғлаб бувисининг уйига борганида аён бўлди. Неварасининг баданида кўкариш ва жароҳатлар бор эди... Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, ўгай онанинг қилмиши фош бўлди.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди Фарғона шаҳар “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган очиқ сайёр суд мажлисида мазкур ишни кўриб чиқди. Суд мажлисида судланувчи, жабрланувчининг қонуний вакили ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланди.

– Фарзанд тарбиясига ҳеч қачон бефарқ қараб бўлмайди, – дейди судья А. Инамов. – Айниқса, мана бундай ҳолатларни учраши эса барча учун сабоқ бўлиши керак. Ахир вояга етмаган бундай норасидаларни қийноққа солиш аёл учун, она учун асло ярашмайди. Шунинг учун ҳам биз очиқ суд мажлисида кенг жамоатчилик иштирокида бу ишни кўриб чиқдик.

Суд Н. Ҳамидовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 110-моддаси 2-қисмининг «а,в» бандлари билан иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1