АсосийJamiyat

“Минтақамиз ёшлари фикр алмашадиган ҳудуд яратилганидан хурсандмиз”

'“Минтақамиз ёшлари фикр алмашадиган ҳудуд яратилганидан хурсандмиз”'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ўтказилаётган Марказий Осиё Ёшлар Форуми ўз ишини Самарқанд шаҳрида давом эттирмоқда. Қўшни давлатлардан ташриф буюрган меҳмонлар ҳамда форумнинг юртимиздаги иштирокчиларини Самарқанд шаҳри ўзига хос меҳмондўстлик билан кутиб олди.

Аввалига шаҳарнинг диққатга савзовор жойларини томоша қилган меҳмонлар кейин Форумнинг очилиш маросимида иштирок этиш учун Самарқанд вилоят ҳокимияти биносига йиғилишди.

Тадбир қардош халқлар урф-одатлари, табиат манзаралари ва меъморий ёдгорликлари лавҳаларидан тайёрланган видеоролик билан бошланди. Очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши Раиси Қаҳрамон Қуронбоев ушбу Форум минтақа ёшларини бирлаштирадиган, лойиҳалар, ғояларни муҳокама қиладиган, уларни амалга ошириш чора-тадбирлари кўриладиган ғудуд бўлиши кутилаётгани ҳақида гапирди.

Шундан сўнг сўзга чиққан Қозоғистоннинг “Жас Отан” ёшлар қаноти ва “Нур Отан” партияси раиси Данияр СундетбаевМарказий Осиё ёшларини бирлаштириш учун худди шундай платформа етишмаётгани ва ушбу Форум айни муддао бўлганини таъкидлади.

“Ёшлар форумлари Марказий Осиёнинг бирлашиб ҳаракатланиши ҳамда ривожланиши учун энг қулай восита бўлади деб ҳисоблайман. Бугунги кунда мамлакатларимиз ривожланиши учун биз бирлашиб ҳаракатланишимиз керак. Қўшничилик муносабатлари ҳар томонлама яхши ривожлансагина минтақамизда ҳам иқтисодиёй, ҳам маданий, ҳам маърифий жиҳатдан ривожланиш бўлади”, - деди ўз нутқида Данияр Сундетбаев ва Марказий Осиё Ёшлар Форуми ташкилотчиларига ўз миннатдорилигини билдирди.

Очилиш маросимида Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондан ташриф буюрган вакиллар ҳам сўзга чиқишди ва минтақа ёшларини бирлаштирувчи Форум ташкил этилганидан, қўшни давлатлар ёшлари бир-бирлари билан бемалол мулоқот қилиши ва фикр алмашиши учун шароит яратилганидан мамнун эканликларини билдиришди.

Форум ўз ишида давом этади. Жараён ва иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари билан таништириб борамиз.

Эслатиб ўтамиз, Форум 26-30 июнь кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтади.

Дилфуза Собирова

    Бошқа янгиликлар