АсосийJamiyat

Ўтган ҳафта мобайнида Ўзбекистонда содир бўлган ёнғинлар оқибатида 3 киши ҳалок бўлди

Ўтган ҳафта мобайнида республикамиз ҳудудида 234 та ёнғинлар содир бўлганлиги қайд этилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хабарда ёзилишича, турли сабабларга кўра содир бўлган ёнғинларда 2 нафар фуқаролар тан жароҳатлари олишган ва 3 нафар фуқаролар ҳалок бўлишган. Ушбу ёнғинларда 945 млн. 439 минг 248 сўм миқдорида қурилиш материаллари ва 861 млн. 204 минг 642 сўм миқдорида моддий бойликлар ёнғиндан сақлаб қолинган.

Самарқанд вилояти Паяриқ туманида яшовчи С.Хамидовнинг уйида электр симларининг қисқа туташуви натижасида ёнғин содир бўлиб, уйнинг 60 кв. метр майдонда томи, шифти ва уй жиҳозлари ёниб зарарланган. Ёнғин вақтида уй эгаси С.Хамидовнинг тутундан димиққан ҳолда жасади топилган.

Андижон вилояти Мархамат туманида яшовчи А.Ражабовнинг уйида ёнғин содир бўлиб, уйнинг 90 кв. метр майдонда томи, шифти ва уй жиҳозлари ёниб зарарланган. Ёнғин оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш натижасида содир бўлган.

Навоий вилояти Қизилтепа туманида яшовчи Ш.Холтоевнинг уйида ёнғин содир бўлиб, уйнинг 150 кв. метр майдонда томи, шифти ва уй жиҳозлари ёниб зарарланган. Ёнғин электр симларининг қисқа туташуви натижасида содир бўлган.

    Бошқа янгиликлар