АсосийShou-biznes

Ёдгор САЪДИЕВ: “Санъатда ўзингни эмас, ўзингдаги санъатни севгин!”

Лойиҳамизнинг галдаги қаҳрамони — ўзбек кино ва театрининг устунларидан бири, Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор САЪДИЕВ. Англаганингиздек, “очиқ хат” кино ва театр ҳақида бўлади...

Улуғбек Қодиров тўғри хулоса чиқардими?

Бу йил хусусий киностудияларда суратга олинган бирорта фильмни кўрганим йўқ. Очиғи, хусусий кинода ижод қилаётганлар ҳафа бўлишмасин, уларнинг баъзи фильмларини кўргим келмайди! Тўғри, улар орасида ҳам истеъдодли ижодкорлар бор. Биласизми, зўр фильм ишланганида эшитардим ва албатта бориб кўриб, ижодий жамоани табриклаган бўлардим. Чунки бу одат менинг табиатимга хос!

Бугунги кунда хусусий киностудияларга талаб катта ва бу ҳаққоний талаб! Ўттизни қоралаган ёш актёрларимиз катта экранлардан тушмай қолганди. Фильмни фильмга улагани етмагандек, роллари ҳам бир хилликдан нарига ўтмаётганди. Сарҳисоб қилиш вақти етганини тушунишдими ё талаб йўқми, бугун анчайин камнамо бўлиб қолишган. Ўз вақтида жуда иқтидорли ёш актёрларга “Ҳадеб катта экранда кўринаверманглар. Актёрни лимонга қиёслаш мумкин. Шарбатини сиқиб олиб, уни ташлаб юборишади. Лимоннинг куни бошингизга тушмаслиги учун актёр ўзини сақлай билиш керак. Томошабиннинг меъдасига тегманг! Хусусий фильмларда ҳали ўзи ёрдамга муҳтож бўлган режиссёрлар ишлаяпти. Шу сабаб, профессионал режиссёрларнинг фильмида ишлаш керак” деб танбеҳ бергандим.

Уларнинг кўпчилиги маслаҳатимни ерда қолдиришмади, РАҲМАТ уларга! Балки Улуғбек Қодиров тўғри хулоса чиқарганиданми, бир йилча ижодий танаффус қилди. Яна бир ёш актёрга кимлигини айтишим шарт эмас, “Ўғлим, Алишер Навоий номидаги киносаройнинг олдида ўнга яқин афишалар илинган. Санасам, улардан еттитасида сенинг расминг турибди. Ўзингнинг жонингга тегмадими?” дедим. Санъаткор сирли бўлиши ва томошабинни соғинтириши керак. Томошабиннинг кўзидан эмас, қалбидан жой олишга интилиш керак! Актёрларимиз балки ўзининг кучига ишонмагани учун ижодий танаффус қилмас...

Шу ўринда бир воқеа ёдимга тушди. Бир фильмга тасдиқдан ўтгандим, “мўйлаб қўявер”, дейишган. Суратга олинадиган кун қарасам, ўрнимда бошқа актёр. Шунда аразлаб, “елкамни чуқури кўрсин бу ерни”, дея “Ўзбекфильм”нинг эшигини қаттиқ ёпиб кетганман. Орадан 14 йил ўтгачгина кинога қайтдим. Аразлаб қоладиган одатим бор-да! Шу билан 1985-86 йиллар режиссёр Мелис Абзаловнинг “Армон” фильми орқали Дадабўри бўлиб кинога қайтганман.

“Томошабинни жиддий кинога ўргатиш керак!”

Яқинда бир ўртамиёна актёр “Ёдгор ака, “Шайтанат”дан кейин нечта фильмда роль ўйнадингиз?” деб қолди. “Иккита фильмда”, десам, “Мен ўттиз тўртта кинокартинада чиқдим”, дейди. Мен эса, шу кунгача ўттиз тўртта фильмда роль ўйнаган эмасман. Чунки гап сонда эмас, сифатда-ку!

Бугун “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан суратга олинаётган фильмлар анча режали бўлиб қолди, мавзулари ҳаётий. “Ўзбекфильм” киностудиясида бош муҳаррир — Мурод Муҳаммад Дўст! У катта ёзувчи, киносценарийларнинг ипидан игнасигача тушунадиган ижодкор. Шу сабаб энди юзаки сценарийлар “ушлаб” қолинади. Томошабиннинг кетидан “юриб”, маблағга учиб ишланадиган фильмларга чек қўйилмоқда. Томошабинларни яна қайта жиддий, давлат киноларини кўришга ўргатишимиз керак.

“Пул учун ўзингизни минг кўйга солманг”

Бугун анчайин оқсаган устоз-шогирдлик анъаналарини тиклаб, ёш устоз кўрмаган иқтидорли режиссёрларни йўлга солишимиз керак. Очиғи, аксарият режиссёрлар профессионалларнинг фикрини писанд қилмай қўйган. Актёрлар эса ўзини хусусий фильмларга “уриб”, профессионал режиссёр кўрмай ишлаяпти. Равиль Ботиров, Шуҳрат Аббосов, Мелис Абзалов каби ўз ишининг усталаридан маслаҳат олиб, яхши натижаларга эришишса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Ижодкорлардан Собир Назармуҳаммедов, Исамат Эргашев, Нозим Тўлахўжаев, Ёлқин Тўйчиев, Аюб Шахобиддинов каби фикрлайдиган режиссёрларнинг ижодини ҳурмат қиламан. Хусусий киностудияларнинг фаолиятига қаршилигим йўқ, фақат профессионализмни унутиб қўйишмасин. Шунда маблағнинг ўзи уларни топади, пул ишлаш учун ўзини минг кўйга солишига ҳожат қолмайди. Энг муҳими, ижодкорлар ўз ижодига ўзи маҳлиё бўлиб қолишмасин! Санъатда ўзингни эмас, ўзингдаги санъатни севгин, дейишган устозларимиз. Ўз ишининг усталарини яхши кўрганим учун режиссёрлигимдаги “Хонадон эгаси” фильмимга профессионал актёрларини таклиф этганман. Ёш актёрлар уларнинг ижроси, “юраги”, “дарди”дан ўзига “багаж” йиғса бўлади. Томошабин автобус бекатига боргунча, кўрган фильми нима ҳақда эканини ёдидан чиқариб қўйиши керак эмас! Уйига етгунига қадар фильм хаёли билан қадам боссин.

“Истеъдод билан халқнинг кўнглидан жой олиш керак”

Ўйлаб қарасам, давлат фильмларининг тарғиботи, рекламаси етарлича эмас. Ваҳоланки, реклама орқали режиссёр, актёр, хонанда бўлганлар қанча? Лекин “бузоқнинг югургани сомонхонагача...” Рости, реклама ортидан “юлдуз” бўлиб қолганларни ёқтирмайман. Чунки уларга тарбияни устоз эмас, ҳомий беряпти, иқтидорини ўз мақомига йўрғалатяпти! Ҳатто тўйхоналарга ҳам 4-5 соқчи билан кириб келишади. Ўзинг халқдан чиққан бўлсанг, сени кимдан қўриқлайди улар?! Бу одамга эриш туюлади. Куни-кеча бўйи бир ярим метрга бормайдиган, оёғига 25 сантиметрли туфли кийган бир хонанда қиз қўриқчилари билан тақур-туқур қилиб, машинадан тушиб тўйхонага кириб келди. Ўзи овози бир метрдан нарига ўтмайди. Жуда шошаётган шекилли, мен билан ҳам сўрашмай ўтди. Э-ҳа, у “юлдуз”ку...

“Ижодингизни эъзозланг ва қадрланг!”

Фурсати келганда, рекламаларда чиқаётган санъаткорларимизга мурожаатим бор эди. Голливудда реклама учун мўмайгина маблағ тўлашади, бизда эса арзимаган пул беришади. Рекламада кўринадиган бўлсанглар истеъдодингларни арзонга сотиб қўйманглар, муносиб баҳони ҳам билиш керак!

Профессионал актёрларимиз маблағ учун ўзини увол қилиб қўйиши дилни хира қилади. Шахсан ликка-ликка реклама орқали кўринишни ўзимга эп кўрмайман. “Мен олма!”, деб қандайдир ичимликни реклама қилаётган Муҳаммадисо Абдулхаиров ҳақидаги эътирозлар тез-тез қулоққа чалинади. Бундан кейин қандай рекламаларга чиқишини унинг ўзи яхши билади. Чунки унинг исми ҳам Муҳаммад, ҳам Исо! Ўз вақтида бу актёрга “комедияга ўралашиб қолма, жиддий фильмларда ҳам ўйнагин”, деб маслаҳат берганман.

Комедия ҳақида гап кетганида Зуҳра Солиева ўкириб кулиши “ташриф қоғоз”ига айланиб қолганини гапиришади. Аслида бу профессионаллик етишмаслигидан! Йўқса, Зуҳра жуда истеъдодли актриса. Тўғри, бачканалик қобиғидан чиқиш қийинроқ бўлади, лекин уддалашади, ишонаман! Уларнинг иқтидори ва ижодига раҳмим келиб гапиряпман, танқид қилиш мақсадида эмас.

“Фидоийлик талаб этилади, холос”

Ёш авлод вакиллари орасида театрни яхши кўриб, унинг қонун-қоидаларига чидолмаган актёрларнинг ўнтачасини биламан. Улар ҳалиям эркин қуш бўлиб юришибди. Бироқ ғурур ҳам вақти-соати билан ўз ўрнига тушади. Театрга фидоий актёр, актрисалар керак! Саҳнага чиқишни яхши кўриш ва саҳнада ишлаш, уни севиш бошқа нарса. Театрдаги ёшларни кузатиб, улардаги адабий тил борасидаги меъёр бузилганини кўраман. Ахир Ўзбек Миллий академик драма театри адабий тили билан донг қозонган театрлардан. Бугун шевада гапираётган ёш актёрларимиздан ранжийман. Чунки бу отахон театр ёзувчи, драматургларнинг лабораторияси ҳисобланган.

Сира ёдимдан чиқмайди, “Бухоро” номли спектаклда сарбозни ўйнаётган бир Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист “юринг, окаиз чақиряпти” дея партнёрига мурожаат қилди. Саҳна ортига ўтгач, Наби Раҳимов “ука, ока — бу дарё, дегани. Дарё чақирмайди! Акангиз чақиряпти, дейиш керак!” деганди. Кўряпсизми, биргина ҳарфнинг кучини...

Ўзбек Миллий академик драма театри 100 ёшга тўлиши муносабати билан Президентимизнинг бу тўйни муносиб ўтказиш ҳақидаги қарори чиқди. Ва шу муносабат билан театримиз жаҳон стандартларига жавоб берадиган қилиб таъмирланяпти. Шу эътибор орқали ёшларимиз қаерда ишлаётганларини яна бир ўйлашсин! Улардан фақат бир нарса — театрга фидоий бўлиш талаб этилади.

Режалар...

Айни дамда қадрдоним Тоҳир Маликнинг “Хазонрезги” асари устида иш олиб боряпман. Фильм орқали қайсидир дардларимни айтиб олмоқчиман. Дўстларнинг умр шомидаги меҳр-оқибати ҳаётий воқеалар билан очиб берилади. Фильм учун кекса авлод актёрлари топилмай қолса, вилоятлар бўйлаб кино синов ўтказишни режалаштириб қўйдим. Қолаверса, Иззат Султоннинг “Имон” асари қайта саҳналаштириляпти. У орқали яна бир маротаба театр саҳнасига лойиқ эканимни исботламоқчиман!

Яхши ижодкор ҳеч қачон ерда қолмайди. Ёш ижодкорларга тилагим - халқ назаридан қолиб кетишмасин. Ҳадеб кўринавериш ҳам назардан қолдиради.

Ҳурмат билан Ёдгор Саъдиев!

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади

    Бошқа янгиликлар