Мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллигини нишонлаш арафасида Варшава шаҳрида поляк тилида “Ўзбекистон Республикасининг 27 йиллик мустақил ва барқарор ривожланишига бағишланади” номли китоб чоп этилди.
ТИВ матбуот хизмати хабарига кўра, китобда мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий ва бошқа жабҳаларда қўлга киритган ютуқлари ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилган.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган 2017 — 2021 йилларда ривожланишнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, иқтисодий ривожланиш, банк ислоҳотлари, шунингдек, қишлоқ хўжалигидаги ўзгаришлар ҳамда соғлиқни сақлаш ва спортни ривожлантириш борасидаги чора-тадбирлар, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш каби муҳим йўналишлардаги мамлакатимизнинг ютуқлари тўлақонли таҳлил қилинган.
Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси берган маълумотларга кўра ташқи сиёсат, БМТ, Европа Иттифоқи, бошқа давлатлар ва минтақалар билан иқтисодий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари мақолаларда муҳим ўринни эгаллайди. Муаллифлар ўқувчиларни Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар ва ташкилотлар билан муносабатларини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиққан мамлакатнинг муҳим халқаро ташаббуслари билан таништиради.
Нашрнинг махсус бўлимлар сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги Ўзбекистон-Польша муносабатларининг ривожланиши, Ўзбекистонда туристик инфратузилманинг такомиллаштирилиши ва асосий туристик йўналишлар, миллий ошхонанинг ўзига хос жиҳатларига бағишланган. Шунингдек, мамлакатимизга ташриф буюрмоқчи бўлган польшалик туристлари билишлари керак бўлган маълумотлар ҳам қисқача шаклда тақдим этилган.
