2014 йилнинг 28 август куни Олий мажлис сенатининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига уй қамоғи тўғрисида қўшимчалар киритилди.
Унга кўра, уй қамоғи гумон қилинувчига, айбланувчига ёки судланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш учун асослар мавжуд бўлганида унинг ёшини, соғлиғи ҳолатини, оилавий аҳволини ва бошқа ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда қамоққа олиш мақсадга номувофиқ деб топилган тақдирда қўлланилади.
Уй қамоғи гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг жамиятдан тўлиқ ёхуд қисман ажратиб қўйилиб, ўзи мулкдор, ижарага олувчи сифатида ёки бошқа қонуний асосларда яшаб турган турар жойда тақиқлар (чекловлар) юклатилган, шунингдек унинг устидан назорат амалга оширилган ҳолда бўлишидан иборат бўлади.
Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи барча тақиқларга (чекловларга) ёхуд улардан айримларига дучор этилиши мумкин.
Қамоққа олинганнинг яшаш жойи қўриқланиши мумкин. Зарур ҳолларда унинг хулқ-атвори устидан назорат ўрнатилади.
Ўрнатилган тақиқлар (чекловлар) уй қамоғида бўлган гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи томонидан бузилган тақдирда унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиши мумкин.





