Аввалги хабарларимизда Франция президенти Франсуа Олланднинг собиқ севгилиси журналист Валери Триервейлер давлат раҳбари билан муносабатлари ҳақида 320 бетли китоб ёзгани ҳақида хабар бергандик.
Францияда сўнгги йилларда узоқ кутилган китоб сотувга чиқиши билан рекордлар ўрнатмоқда. Триервейлернинг мамлакат президенти билан ўтказган ҳаёти ҳақидаги хотиралари жамоатчилик орасида катта мунозара келтириб чиқарди, деб ёзади “Вести.Ру” нашри.
Хабарда ёзилишича, китобни Париждан топиш мумкин, бироқ, кичик шаҳарларнинг китоб дўконларида қолмаган. Китоб адади 200 мингга тенг, аммо, президентнинг шахсий ҳаёти билан танишмоқчи бўлганлар сони бундан анча кўплиги ойдинлашмоқда. Таҳминий ҳисобларга кўра, китоб муаллифига ярим миллион евро миқдорида фойда келтиради.
“Бу лаҳза учун сенга раҳмат” (Thank You for This Moment) китоби – ўта шахсий асар бўлиб, севги, айрилиқ, келишмовчилик ва инсоний камчиликлар тўғрисидадир.
Президентнинг муҳтожлар устидан кулиши ҳақидаги мисралар эса Олланд обрўсига катта путур етказди.
“У мени камбағаллигим ва келиб чиқишим устидан кулиб, Козетто (Гюго романидаги кичик қиз) деб чақирарди. У ҳеч қачон ҳеч нарсага зор бўлмаган ва муҳтожлик нима эканлиги тушунмаган. Унга фақат энг яхшиси керак бўлган! Мен тез овқатланиш жойларини танлардим, у эса фақат катта ресторанлар. Мен кичик, шинамгина меҳмонхоналарда қолишни яхши кўрардим, у эса люкс меҳмонхоналардан бошқасини тан олмасди”,-деб ёзади китобида Валери Триервейлер.
Китобда президент атрофидаги бир неча шахслар ҳам эслаб ўтилган. Валерининг ёзишича, бош вазир Вальс ўзини яқин дўст қилиб кўрсатган, аммо, президент ва Триервейлер муносабатларни тўхтатишганидан бир ой ўтгач, унинг телефон рақамини эслай ҳам олмаган. “Барча ёзганларим ҳақиқат”, дея қайд қилиб ўтади Триервейлер. “Ёлғон туфайли чеккан азобларим бировларни алдашимга имкон бермайди”,-дея иқтибос келтирилган китоб муқовасида.