АсосийJamiyat

Қашқадарёда ИИВ тизимида вазифасига лоқайдлик билан муносабатда бўлган раҳбарлар ишдан бўшатилди

'Қашқадарёда ИИВ тизимида вазифасига лоқайдлик билан муносабатда бўлган раҳбарлар ишдан бўшатилди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига мувофиқ, Республика Бош прокурори ва Ички ишлар вазирининг қўшма фармойишига асосан Ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов раҳбарлигидаги Ишчи гуруҳ жорий йилнинг 23-26 июль кунлари Қашқадарё вилоятида ички ишлар органлари олдига қўйилган вазифалар ижроси аҳволи билан яқиндан танишди.

Мажлисда айрим ички ишлар органлари ходимлари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, тизимда бўлаётган ўзгаришлар, хизмат фаолиятига алоқадор меъёрий ҳужжатларнинг туб мазмун-моҳиятини англамай, эскича услуб ва дунёқараш билан хизмат олиб бораётганлиги қайд этилиб, қатор раҳбар ва ходимларга нисбатан интизомий таъсир чоралари кўрилди.

Шу жумладан, хизмат вазифасига лоқайдлик ва сусткашлик билан муносабатда бўлиб, хизматни самарали ташкил этиш чораларини кўрмаганлиги, қўл остидаги ходимлар фаолиятини талаб даражасида назорат қилмагани оқибатида шахсий таркиб ўртасида тартиб-интизом сусайиб кетишига сабабчи бўлганлиги учун Қарши тумани ИИБ бошлиғи Ж.Ражабов, Муборак тумани ИИБ бошлиғи С.Шарипов, Косон ва Қарши туманлари ИИБ бошлиқларининг ўринбосарлари Н.Қаршиев ва А.Аминов, Шаҳрисабз, Ғузор ва Дехқонобод туманлари ИИБ бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари Қ.Тошмуродов, А.Алиев ва Н.Бозаровлар, Муборак ва Чироқчи туманлари ИИБ бошлиқларининг кадрлар бўйича ўринбосарлари Т.Бахромов ва Ж.Муродов, вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғининг кадрлар бўйича ўринбосари Ф.Миршатов, ҳамда Қамаши тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими бошлиғи Х.Ризакуловлар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.

Шунингдек, кадрлар билан ишлаш соҳасида шахсий таркиб билан касбий тайёргарлик ва тарбиявий ишларнинг тизимли ва самарали ташкил этилишини таъминламаганлиги учун вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг кадрлар бўйича ўринбосари Б.Турсункулов ҳамда қўл остидаги ходимлар фаолиятини етарли назорат қилмаганлиги оқибатида улар томонидан ноўрин хатти-ҳаракатлар содир этилиши ҳолатларига йўл қўйганлиги учун вилоят ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Э.Қурбоновларга “ҳайфсан” интизомий жазоси берилди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабарига кўра, бундан ташқари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноят қидирув, тергов, кадрлар билан ишлаш хизматлари ходимларига нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилди.

    Бошқа янгиликлар