Украина халқ артисти София Ротару юртимизда концерт беришини эшитган куниданоқ кекса авлод вакиллари ёшлик даврларини эслаган бўлса ажабмас. Боиси 3 сентябр куни «Истиқлол» санъат саройини тўлдирган томошабинларнинг 90 фоизи кекса ва ўрта авлод вакиллари бўлди…
«Мустақиллигингизнинг 23 йиллиги билан табриклайман!»
Парда очилиб, бошловчининг илиқ таърифидан сўнг созандалари билан саҳнага чиқиб келган София Ротаруни томошабинлар муносиб қарши олди. Ахир жонли ижродаги концерт кимга ҳам ёқмайди, дейсиз? Қўшиқдан кейин «Бугун шу саҳнада туриб сиз азиз мухлисларим билан юзма-юз дийдорлашганимдан ҳурсандман. Ва барчангизни Мустақиллигингизнинг 23 йиллик байрами билан муборакбод этаман!» дея томошабинлар билан саломлашиб концертни янги қўшиқлари билан давом эттирди.
Софиядан кутилмаган совға
София концертда декорация-ю либосларга эмас, фақат ижрога эътибор қаратганини яққол пайқаш мумкин. Томошабинларнинг диққати ҳам ортиқча деталларга эмас, мазза қилиб қўшиқ тинглашга қаратилди. Ҳатто марҳум эри Анатолий Евдокименкога бағишлаб, махсус рақс ҳам ижро этилди. Ротарунинг шахсий ҳаёти билан таниш бўлмаганлар учун эса бошловчи унинг болалигидан то бугунги кунигача бўлган даврни худи эртак айтаётгандек сўзлаб берди. Ва бу ҳикоядаги қаҳрамонлардан бири Софиянинг синглиси — Украинада хизмат кўрсатган артист Аурика Ротару саҳнада пайдо бўлиб қўшиқлари билан томошабинларни ҳушнуд этди. Бу залдагилар учун кутилмаган совға бўла олди.
«Бугун истаганингизча қўшиқ куйлайман!»
«Қарсакларингиз кайфиятимни кўтаряпти, бугун истаганингизча қўшиқ куйлайман!» дея София ҳар бир қўшиқдан сўнг нафақат ўзи, балки ҳар битта созанда ва раққосаларига алоҳида қарсак сўрашдан чарчамади. «80 йилларнинг «хит»ларини эсга оламизми?» дея томошабинларга «фақат «Лаванда»нинг нақоратини сизлар куйлайсиз», деб шарт қўйди. Бу вазифани аъло даражада бажарган, томошабинларга тиз чўкиб таъзим ҳам қилди. Қолаверса, залдаги барчанинг қўллари шамолда тебранаётган гулга ўхшаб ҳаракатланганидан илҳомланган хонанда «мени эмас, меҳрга тўла томошабинларни тасвирга тушириш керак», деб тасвирчию фотомухбирларни саҳнага олиб чиқди. Бу жараённи фақат кўриш керак эди!
Мухлиси билан саҳнада рақс тушди
Саҳна ортида ҳеч кимни Софиянинг ёнига яқинлаштирмаган қўриқчиларнинг таноби саҳнада тортилди. Хонанда қўриқчиларга гул бермоқчи, бирга расмга тушмоқчи бўлганларнинг йўлини тўсмаслигини таъкидлади. «Белый танец» қўшиғини бошлашдан аввал «юрагида ўти борларни рақсга таклиф қиламан», деганди ҳамки, бир йигит саҳна томон интилди. Унинг йўлини тўсаётган қўриқчиларга хонанда «қўйиб юборинглар, у мени олдимга келяпти!» дея мухлиси билан саҳнада рақс тушди. Ҳатто «ёнингизга кетяпман!» дея зал бўйлаб юриб қўшиқ куйлади ва шу куни ҳеч бир мухлисини хафа қилмади. Томошабинлар эса хонандани гулдасталарга «кўмишди». Кўчада куз фасли, саҳнада эса гўё баҳор...
Ўзбекона либослардаги Софияхон
Концертнинг сўнгги «блок»ида саҳнага чиққан София ва ижодий жамоани кўриб, зал «портлади». Сабаби уларнинг бари ўзбек миллий либосимизда саҳнага чиқиб, мухлислар билан кейинги концертгача хайрлашишни мақул кўришганди. «Бу ўзбек миллий либосини кеча Тошкентга келганимда совға қилишди. Сўз бераман ўзбек тилини ўрганаман ва тез-тез Ўзбекистонга келиб концерт бераман! Азизларим меҳрингиз, меҳмондўстлигингиз, самимий табассум ва эътиборингиз, гулдасталар учун алоҳида раҳмат! Рости, Ўзбекистондан кетгим келмаяпти!» дея бир жуфт қўшиқ куйлаб хайрлашди.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади