Сурхондарё вилояти Олтинсой туманидаги Катта Вахшивор қишлоғида 28-29 июль кунлари бахши-шоирлар, оқин ва жировларнинг республика фестивали бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрами олдидан ўтказилган нуфузли фестиваль тумандаги таълим муассасалари ва истироҳат боғларида юртимизнинг турли ҳудудларидан келган бахши-шоирлар, оқин ва жировларнинг қизиқарли учрашувлари билан бошланди.
Пурвиқор тоғлар қўйнидаги Катта Вахшивор қишлоғида бўлиб ўтган бахши-шоирлар, оқин ва жировлар кўриги ўзига хос байрамга айланиб кетди. Эрта тонгдан шомгача қизғин давом этган беллашувни вилоятнинг турли ҳудудларидан келган мухлислар катта қизиқиш билан тинглади, олқишлади.
Фестиваль “Жонажон Ўзбекистоним” шиори остида бахши-шоирлар, оқин ва жировлар, таниқли санъаткорлар, эстрада хонандалари иштирокидаги гала-концерт билан якунланди.