1

Ислом Каримов ШҲТ саммитида Украинадаги муаммони бартараф этишга доир ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилди

ЖАМИЯТ 13.09.2014, 10:46
Ислом Каримов ШҲТ саммитида Украинадаги муаммони бартараф этишга доир ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилди

Аввалги хабарларимизда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 11-12 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги саммитида иштирок этиши ҳақида хабар бергандик. 

ШҲТга аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг тор доирадаги мажлисида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов, Хитой Раиси Си Цзиньпин, Россия Президенти Владимир Путин, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ва Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев иштирок этди. Кун тартибига киритилган масалаларни кўриб чиқиш ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари, кузатувчи мақомига эга бўлган давлатлар, қатор халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари, шунингдек, фахрий меҳмонлар иштирокида ўтган кенгайтирилган мажлисда давом эттирилди. 

Президент Ислом Каримов ўз нутқида бугун Афғонистонда юзага келаётган вазият, жаҳон иқтисодиётидаги ҳозирги аҳволга тўхталди, шунингдек, Украинадаги муаммони бартараф этишга доир ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.

“Украинадаги муаммони бартараф этиш бўйича ҳам ўз фикр-мулоҳазаларимизни қисқача баён этишни истардим. 

Биринчи. Украинадаги муаммони тинч йўл билан ҳал этиш бўйича Минск шаҳрида эришилган келишувларни, Украина ва Россиянинг ушбу масала юзасидан билдирган таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз. 

Иккинчи. Ишончим комилки, Ўзбекистон томонидан шу йилнинг 4 мартида Украинадаги қарама-қаршиликка барҳам бериш ва мамлакатда тинчлик ўрнатиш бўйича Украина ва Россия ўртасида тўғридан-тўғри музокара жараёнини ўтказиш юзага келган вазиятни ҳал этишнинг энг мақбул ва самарали йўли экани ҳақида билдирилган таклифлар долзарблигича қолмоқда ва бугун ҳам ўз тасдиғини топмоқда. 

Учинчи. Украинадаги муаммо юзасидан ҳар қандай музокара жараёнларида Россиянинг тарихан кўп асрлар давомида шаклланган азалий манфаатлари ҳам эътиборга олиниши даркор. 

Ушбу манфаатларни эътиборга олмаслик жиддий хато бўлган бўлур эди”,- деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов.  

ШҲТга аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида ташкилот фаолиятини янада такомиллаштириш, ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш истиқболлари ва умумий манфаатга эга бошқа масалалар муҳокама этилди. 

Саммит якунида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарларининг Душанбе декларацияси, ШҲТга аъзо бўлиш истагини билдирган давлатларнинг мажбуриятларига тааллуқли қарор ва бошқа ҳужжатлар имзоланди. Шунингдек, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар ҳукуматлари ўртасида халқаро автомобилда юк ташиш бўйича қулай шароитлар яратиш тўғрисидаги шартнома имзоланди. 

ШҲТ Хартиясига мувофиқ, ташкилотга навбатдаги раислик Россия Федерациясига ўтди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1