1

Гиёҳванд модда савдоси билан шуғулланаётган фермер “фаолияти”га чек қўйилди

ЖИНОЯТ 04.08.2018, 18:29
Гиёҳванд модда савдоси билан шуғулланаётган фермер “фаолияти”га чек қўйилди

Жорий йилнинг 19 июлида Хоразм вилояти ИИБ ва Ҳазорасп тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир натижасида Ҳазорасп туманида яшовчи, 1970 йилда туғилган Мирхолдор Райимов (материалда келтирилган исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2,35 грамм героин гиёҳвандлик воситасини 700 минг сўмга сотаётганида қўлга олинди.

Шундан сўнг унинг ёни кўздан кечирилганида 4,4 грамм яна шундай гиёҳванд модда борлиги аниқланди. Гиёҳфуруш уни ҳам келгусида сотиш мақсадини кўзлаб чўнтагида сақлаб юргани маълум бўлди.

Оилали, тўрт нафар фарзанднинг отаси, олий маълумотли Мирхолдор Райимов бу иши қонунга хилоф эканлигини билмасмиди? Бу саволни ўртага ташлашнинг ўзи ўринсиз албатта. Билиб жиноятга қўл уриш – қинғир ишни қасддан содир этиш демак.

Райимов айни дамда фермер хўжалиги раҳбари сифатида фаолият олиб боради. Бу ҳаракат чорасизлик, бекорчилик ёки пулсизликдан қилинмади. Буни тўқликка шўхлик ёки осон пул топишга уриниш, деб аташ мумкин. Қинғир йўлни тутган фермер қишлоқдошлари орасида ҳам ўзига бўлган ҳурматини йўқотди.

Ҳазорасп туман ИИБ тергов бўлимидан олинган маълумотга кўра, М. Райимовнинг ўзи тиббий экспертизадан ўтказилганда унинг қон таҳлилларида гиёҳванд модда борлиги аниқланган. Бу эса унинг ўзи ҳам гиёҳванд эканлигидан далолат беради.

Тўкис оиланинг раҳбари, касб-корга эга бир инсоннинг бу йўлга қандай кириб қолгани кишини ўйга толдиради. Бу вазиятга нисбатан бефарқлик давом этганида, ҳолатнинг олди олинмаганида яна нималар бўлиши мумкин эди?

ЎзА хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан бугунги кунда жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1