Ҳукумат қарори билан Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат умумтаълим муассасаларининг ихтисослаштирилган синфлари, давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасалари тўғрисидаги низом тасдиқланган. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Huquqiy axborot” Телеграм канали маълум қилмоқда.
Низомга мувофиқ Ихтисослаштирилган таълим муассасаси муассис томонидан Халқ таълими вазирлиги билан келишган ҳолда ташкил этилади.
Ихтисослаштирилган мактабнинг 2-синфи учун ҳужжатлар 1-31 июль кунлари, 5-синфи учун эса 1-20 июль кунлари қабул қилинади.
Танловда иштирок этиш учун ўқувчилардан қуйидаги ҳужжатлар қабул қилинади:
ариза;
туғилганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;
086-У шакл бўйича тиббий маълумотнома;
3 х 4 ҳажмдаги 6 та фотосурат;
психологик-педагогик диагностика дафтари асосида ўқувчининг қизиқишлари, ўқув фанларини ўзлаштириши ҳақида тасдиқланган тавсифнома;
яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органидан маълумотнома;
таълим йўналиши бўйича ўқувчининг истеъдод ва иқтидорини кўрсатувчи ишларидан намуналар, агар улар мавжуд бўлса (нашр этилган ёки қўлёзма сифатида ёзилган шеърлар, ҳикоялар, расмлар ва бошқалар).
Ихтисослаштирилган умумтаълим муассасасига кириш учун танловлар 5- 20 август кунлари оралиғида ўтказилади.






