Хитой пойтахтидаги Дунчэн округи жамият хавфсизлиги бошқармаси жангари фильмлар юлдузи Жеки Чаннинг ўғли Жейсини ҳибсга олиш тўғрисида қарор қабул қилди. У гиёҳванд модда сақлаш ва истеъмол қилишда гумон қилинмоқда.
Маҳаллий ОАВларнинг хабарига кўра, машҳур актёрнинг ўғли уч йилга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
32 ёшли Жейси Чан август ойида Пекинда қўлга олинганди. Қон анализлари унинг организмида марихуана борлигини кўрсатган ва унинг уйида ўтказилган тинтув ишлари давомида 100 грамм гиёҳванд модда топилган. Жейси 8 йил аввал гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишни бошлаганини тан олди.
Жеки Чан ўғли қилган иши учун оммадан кечирим сўради. “Жейси ва шахсан ўзимнинг номимдан барчадан узр сўрайман”,-деди актёр.
Маълум бўлишича, Жеки Чан 2009 йили Хитойда гиёҳванд моддаларга қарши курашиш элчиси этиб тайинланганди.
ИТАР-ТАСС агентлигининг қайд қилишича, кўпгина интернет фойдаланувчилар актёрни қўллаб-қувватлашган. Қолганлар эса ўғлининг тарбияси учун вақт ажратмагани учун уни танқид қилишган.





