Хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жумладан, улар саломатлигини асраш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келган...
– Аёллар маслаҳатхоналари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар туман, шаҳар марказий кўп тармоқли поликлиникалари, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари, шунингдек, Тошкент шаҳрининг оилавий поликлиникалари тузилмасида ташкил этилди, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи Марат Содиқов.

– Бундан асосий мақсад ҳомиладорликка қадар, ҳомиладорлик ҳамда туғруқдан кейинги даврда малакали акушерлик ва гинекологик амбулатор ёрдам кўрсатишдир. Шунингдек, ушбу маслаҳатхоналар ўзига бириктирилган ҳудуд аҳолисининг репродуктив саломатлигини асраш ҳамда оилани режалаштириш орқали она ва бола саломатлигини ҳам муҳофаза қилишади.

Қувонарли жиҳати, эндиликда аёлларимиз саломатлиги доимий назоратга олинади, бу борадаги муаммоларни эрта бартараф этиш чоралари кўриб борилади.






