1

23 яшар босқинчи йигит 6 йилга озодликдан маҳрум этилди

ЖИНОЯТ 15.08.2018, 11:03
23 яшар босқинчи йигит 6 йилга озодликдан маҳрум этилди

... 2018 йил 8 март. Соат тахминан 4.00да ғараз ниятни кўзлаган К.Турсунов (мақолада исм-шарифлар ўзгартирилди) пичоқ билан қуролланиб, юзига ниқоб тақади. Қўлига қўлқоп кийиб, Сергели тумани, Чоштепа 1-тор кўчаси, 34-уйга босқинчилик уюштиради.

Жиноятчини таниб қолишди

Ўзича пухта режа тузган К.Турсунов ўша куни қуролланган ҳолда Ш.Каримовнинг хонадонига бостириб киради. Эшик илмоғини осонлик билан кўтариб, очган К.Турсунов тўғри ётоқхона томонга боради. Хонадон эгалари ухлаётганига ишонч ҳосил қилгач, жавон устида турган иккита уяли телефон ва тилла тақинчоқларни олади. Пул излаётганида уй эгаси Ш. Каримов уйғониб қолади.Бундай бўлишини кутмаган К.Турсунов қўлидаги пичоқ билан пўписа қилиб, хонадон эгаларини қўрқитади ва 5 000 АҚШ доллари топиб беришларини талаб қилади. К. Турсуновнинг «тажрибасизлиги» панд бериб, у ўзини танитиб қўяди. «Тўхта, мен сени танидим, сен...» Ш.Каримовнинг сўзлари К. Турсуновни сергак қилади ва у жиноят жойидан яширинади.

Маълум бўлишича, К.Турсуновнинг уйи ёниб кетган. Қандай қилиб бўлмасин, кун кечириш мақсадида у ўғирлик ва босқинчиликни маъқул кўради. Аммо ўйланмай қилинган ишнинг охири вой бўлди.

Судланувчи К.Турсунов 1995 йил 24 январда Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти ўрта – махсус. Вақтинча ишсиз. Бўйдоқ. Муқаддам судланмаган. Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 164-моддаси, 3 – қисми, «в» банди билан айбли, деб топилган.

«Боламнинг оёқлари ишламай қолди»

Суд мажлисида У.Каримованинг гувоҳлик беришича, жиноят содир этилган куни у турмуш ўртоғи ва фарзанди билан ухлаётган бўлишган. Хонадаги ғайриоддий ҳаракатдан чўчиб уйғониб кетган аёл ётоқ мебели олдида юзига калла суягининг жағ қисми расми туширилган, бурун қисмигача ниқоб таққан, бир қўлига пичоқ ушлаб олган номаълум шахсни кўради. Қўрққанидан у бор овози билан бақиради. К.Турсунов кутилмаганда юз берган воқеадан эсанкираб қолади ва «Биттанг миқ этсанг, пичоқлаб ташлайман», деб пўписа қилади. Сўнг У.Каримованинг эридан пуллар қаерда сақланишини, олиб чиқиб бермаса, ҳеч кимни тирик қолдирмаслигини айтади. Шу маҳал Н.Каримов жиноятчини таниб қолиб, уни исми билан чақиради. Сўнг оила аъзоларига тегмаса, у айтган пулларни олиб чиқиб беришини айтади. Бироз тинчланиб олган К.Турсунов юзидаги ниқобни ечади ва сал аввал ўғирлаган уяли телефон ва тилла тақинчоқларни қайтариб беради. Шундан сўнг у воқеа жойидан яширинади.

Гувоҳнинг сўзларига қараганда ўша кунги воқеадан сўнг У.Каримованинг ўғлида кучли қўрқув юз берган. Руҳий зўриқиш асоратида боланинг оёқлари бироз муддат ишламай қолган.

Енгиллик берилди

Суд мажлисида судланувчи К.Турсунов қилмишидан пушаймон эканлигини айтиб, унга енгиллик беришларини сўраган. К.Турсуновга жазо тури ва миқдорини тайинлашда ғаразли мақсадларда жиноят содир қилинганлигини, ЖК нинг 56-моддасида назарда тутилган жазони оғирлаштирувчи ҳолатларда баҳолаб, айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, турар – жойидан ижобий тавсифланиши, ёши, жабрланувчининг судланувчига моддий ва маънавий даъвоси йўқлиги, муқаддам судланмаганлиги, судланувчига берилган кафолат хатлари ҳамда жиноятнинг хусусият ва ижтимоий хавфлилик даражаси инобатга олинган ҳолда унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 57-моддаси қўлланиб, айбли деб топилаётган модда санкциясида назарда тутилган озодликдан маҳрум қилиш жазоси энг кам қисмидан ҳам камроқ тайинланиши мақсадга мувофиқ, деб ҳисобланди.

Судланувчи К. Турсунов ЖК нинг 164-моддаси, 3-қисми, «в» банди билан ЖК нинг 57-моддасини қўллаб 6 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати ҳамда

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Сергели туман суди судьяси

Ғафур Амонов билан ҳамкорликда тайёрланди

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1