АсосийJamiyat

“Жиноят ҳақиқати ва адолати” мавзусида ёшлар пресс-клуби бўлиб ўтди

'“Жиноят ҳақиқати ва адолати” мавзусида ёшлар пресс-клуби бўлиб ўтди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан 2018-йил 27-июлда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тўғрисида видеоселектор ўтказилган эди. Мазкур селекторда бажарилиши лозим бўлган бир қатор долзарб вазифалар белгилаб берилди.

Видеоселекторда кўндаланг қўйилган топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 16-август куни соат 15:00 да Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашида «Янгича тизим ташкил этилмоқда – Жиноят ҳақиқати ва адолати» мавзусидаги навбатдаги ёшлар пресс-клуби бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ёшлар иттифоқининг Фейсбукдаги саҳифасида хабар берилди.

Пресс-клубда жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир қилган, жазо муддатини ўтаётган, ўз жонига қасд қилишга уринган ёшлар ҳамда «Ёшлар кафиллиги» асосида суд залидан озод қилиниб, енгил жазо тайинланган ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони асосида афв этилган ёшлар билан якка тартибда ишлаш мақсадида янги механизм яратиш устида муҳокама олиб борилди.

Сессияда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик, Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова, Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси ўринбосари Абдулазиз Мансуров, ИИВ ҲПББ бўлим бошлиғи Исломиддин Халиков каби спикерлар иштирок этишди.

Спикерлар жиноятчиликни олдини олиш, ёшлар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларни камайтириш, уларнинг онгига ҳуқуқий билим ва кўникмаларни сингдириш, шу орқали ҳуқуқий маданиятни ошириш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқишни ўртага ташладилар.

Жорий йилда ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари таҳлили рақамлар билан очиб берилди. Суицид содир этишга имконият яратган оилавий муҳит, жараён уларнинг яқинлари иштирокида психологик таҳлил этилди.

«Аурум 898» тунги клубида бўлиб ўтган пичоқбозлик оқибатида ўзбекистонлик эркин курашчи Жамшид Кенжаевнинг вафоти тафсилотлари тўғрисида маҳалла испектори Руслан Бердиев ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини раиси маълумот бериб ўтди:

– Бу тунги клубда бир йилнинг ичида 3-марта жиноят содир этилиши. Февраль, июнь ва ниҳоят, куни кеча 9-августга ўтар кечаси бўлиб ўтган мудҳиш воқеа. Буларнинг барчаси соат 12 дан ошганда ичкиликбозлик оқибатида содир этилган. Биз бу тунги клубни ёпиш ҳақида шаҳар ҳокимлигига махсус хат билан ҳам чиққанмиз. Лекин кўриб турибсизки, у ҳамон фаолият юритмоқда. Ва бир боланинг умрига ҳам зомин бўлиб улгурди.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик ҳам ёшларни маънавият ўчоқларига етаклаш йўлида қилинаётган улкан ишлар, китобхонлик танловлари бўлиб турган бир пайтда, бузуқликни тарғиб қилувчи тунги клубларни жамият учун ҳеч қандай кераги йўқ эканлигини таъкидлади:

– Бундан 15 йил олдин, «Талваса» романини ёзаётганимда, асарим учун тунги клубларга муҳитни ўргангани кирганман. Ўшанда у ерга инсонлар эмас, одам шаклидаги махлуқлар киришига гувоҳ бўлганман. Мен у жойни тунги клуб демасдим, «бузуқлик клуби» деган бўлардим. Ўшанда кўп сирларга ҳам гувоҳ бўлганман. Тунги клубларга кирганлар билади, уни ўзига тортадиган оҳанрабоси бор. Бу нима биласизларми? Афюн. Улар афюн зарраларини ҳаво совуткичларининг (кондиционер) устига сепиб қўйишади. Кейин ҳавога қўшилган маст қилувчи ҳид клубга кирганларни ҳушини ўғирлайди. Тадбиркор ниқоби остида тунги клубларни очиб қўйиб, фалон сўм пул топаётган дўстларим, Президентимиз Сизларга яратиб бераётган имкониятларни суистеъмол қилманг. Ҳаром луқмани болангизга едирманг, деган бўлардим. Бизга бундай клубларни умуман кераги йўқ.

Пресс-клубда ёшлар спикерларга ўзларини қизиқтираётган саволлар билан мурожаат қилдилар.

Тадбир сўнгида эркин мулоқот майдонида баҳсга киришган сессия тингловчилари ёшлар жиноятчилигини камайтириш ва олдини олиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини ҳам билдириб ўтдилар.

    Бошқа янгиликлар