АсосийJinoyat

Фарғонада оғуфуруш жиноий гуруҳи фош этилди

'Фарғонада оғуфуруш жиноий гуруҳи фош этилди'ning rasmi

Жиноий гуруҳ ўз қилмишларини “сценарий" асосида давом эттирарди...

Гиёҳванд моддалар бугунги кунда минглаб инсонларнинг умрига зомин бўлмоқда. Мамлакатимизда мазкур иллатга қарши курашиш, гиёҳвандликка бутунлай барҳам бериш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда. Бу жараёнда гиёҳванд моддаларни мамлакатимизга олиб кириш йўлларини бартараф этиш, уларнинг нафақат мамлакатимиз ичида ноқонуний муомалада бўлиши, балки ҳудудимиз орқали транзит қилинишига чек қўйиш, уюшган жиноий гуруҳларни йўқ қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бироқ айрим шахслар оғуфурушликдан касб сифатида фойдаланишга уринмоқда. Ана шундай ният билан қабиҳликка қўл урган Бахтиёр Искандаров Қирғизистон Республикасида яшовчи таниши Дилшодбек Дилмуратов билан ўзаро тил бириктирди. Келишувга асосан Дилшодбек гиёҳвандлик воситаларини мамлакатимизга контрабанда йўли билан ўтказиб бериши, олиб ўтилган “заҳри қотил” эса Солижон Ботиров орқали Бахтиёрга етказилиши керак эди. Иш режадагидек кечди. Б.Искандаров қонунга хилоф равишда гиёҳвандлик воситаларини мўмай даромад эвазига пуллади.

Жиноий гуруҳ ўз қилмишини давом эттирди. Улар Қирғизистонда яшовчи бошқа шахсдан бу гал 3 килограмм оғирликда гашиш гиёҳвандлик воситасини сотиб олмоқчи бўлди. Ёвуз режага бу сафар Муҳаммадюсуф Маҳмудов ҳам бош қўшди. Муҳаммадюсуф қилган хизмати учун 100 грамм гашиш моддасига эга бўлишига Бахтиёр қатъий ваъда берди. Эвазига аванс тариқасида ундан 700 АҚШ доллари олди. Бу маблағ устига 300 АҚШ доллари қўшиб Дилшодбек Дилмуратовга берди. Солижонга Дилшодбек билан бирга Андижон вилоятининг Марҳамат тумани орқали Ўзбекистон-Қирғизистон чегара постига боришини тайинлайди.

Солижон ва Дилшодбек 40 F 383 NA давлат рақамли "Nexia" автомобилида чегарага етиб келишгач, қолган ишнинг уддасидан чиқиш яна Дилшодбекнинг зиммасида қолди. У 1.618 грамм гашиш моддасини мамлакатимизга контрабанда йўли билан олиб ўтгач, Солижон билан эски манзилга отланади.

Афсуски, жиноий гуруҳ ўз мақсадига етолмади. Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор назорат тадбири орқали Марҳамат-Қува йўналиши бўйича ҳаракатланаётган "Nexia" автомобили “Машъал” йўл-патруль постида тўхтатилди. Транспорт воситаси салонининг олд ўриндиғи остидан топилган пакетдаги гашиш моддаси уларни фош этди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан олиб борилган суриштирув-тергов ҳаракатлари чоғида жиноий гуруҳга алоқадор Мусинжон Шамсутдиновнинг хонадонидан шиша банкада марихуанага ўхшаш модда, Жаҳонгир Болтабоевнинг хонадонидан целофан пакетда гиёҳванд воситасига ўхшаш ўсимлик топилган.

Судланувчиларнинг кўрсатмалари ва ашёвий далиллар жиноий гуруҳ қилмишларини тўла-тўкис ойдинлаштирди. Шунга таяниб, жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар суди томонидан айбдорларга адолатли ҳукм ўқилди. Бахтиёр Искандаров, Дилшодбек Дилмуратов ҳамда Солижон Ботировлар 8 йил муддатга, Муҳаммадюсуф Маҳмудов 10 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Жаҳонгир Болтабоевга 300 соат мажбурий жамоат ишлари жазоси, Мусинжон Шамсутдиновга 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

М.Сулаймонов, ЎзА

    Бошқа янгиликлар