АсосийJinoyat

Бухорода паншаха билан хотинини уриб ўлдирган эр 13 йил озодликдан маҳрум этилди

'Бухорода паншаха билан хотинини уриб ўлдирган эр 13 йил озодликдан маҳрум этилди'ning rasmi

2018 йил 31 май санаси. Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди очиқ суд мажлисида судланувчи К. Пўлатов (мақоладаги исм – шарифлар ўзгартирилди) га оид жиноят иши кўриб чиқилди. Маълум бўлишича, Карим Пўлатов турмуш ўртоғи Зилола Пўлатовани паншаха билан уриб ўлдирган.

Суд ҳужжатларида келтирилишича, Карим Пўлатов 1969 йили Жондор туманида туғилган. Маълумоти ўрта. Оилали, тўрт фарзанди бор. Муқаддам судланмаган. Судлангунига қадар муқим иш жойига эга бўлган.

Тирикчилик ташвиши қурсин...

1989 йил февраль ойида судланувчи Карим Пўлатов уйланади. Турмуш ўртоғи марҳума Зилола Пўлатова билан биргаликдаги никоҳ даври 2010 йилга қадар давом этади. Сўнг оила бошлиғи пул топиш мақсадида Россияга жўнаб кетади. Орадан икки йил ўтиб, Зилола Пўлатова ҳам ишлаш учун Қозон шаҳрига йўл олади. Шу тариқа эр – хотин бир – биридан узоқда, тирикчилик ташвишида юраверишади. Ота-она сафарда бўлган маҳали болалар кимнинг тарбиясида қолгани номаълум.

2013 йили К. Пўлатов Бухорога қайтади. Аммо рафиқаси ҳали ҳам Қозон шаҳрида эди. У Зилола Пўлатова билан хабарлашганми-йўқми, билмаймиз. Шуниси аниқки, хотинининг уйга қайтмаганидан қаттиқ жаҳли чиққан эркак шу йили бошқа аёлга уйланади.

Орадан беш йил ўтди. Зилола Пўлатова фуқаролик паспортини алмаштириш мақсадида Бухорога қайтиб келади. Аёл эрининг уйланиб олганини эшитган чоғи вақтинча танишларининг уйида яшаб юради. Зилоланинг қайтганидан хабар топган К. Пўлатов у билан учрашишга қарор қилади. Судланувчи аёл яшаб турган хонадонга келиб, биргаликда судга боришни ва ажрашишни сўрайди. Аммо Зилола Пўлатова унинг илтимосини рад этади. Шундан сўнг улар ўртасида жанжал келиб чиқади. К. Пўлатов дастлаб қўли, сўнг оёқлари билан аёл танасининг турли қисмларига зарба беради. З. Пўлатова эрининг тажовузидан қутулиш мақсадида молхона томонга қочади. Ортидан қувиб етиб олган эркак молхона кираверишида турган темир паншаха биланаёлнинг бошига 2-3 маротаба қаттиқ уради. Кучли зарба таъсирида калла қопқоғи ва асос суяклари очиқ синиши юз беради. З. Пўлатова ҳодиса содир бўлган жойнинг ўзида жон беради.

«Бундай бўлишини истамагандим»

Судда судланувчи К. Пўлатов айбига қисман иқрор бўлиб, қуйидагича кўрсатма берди:

— 2010 йили Россия Федерациясига жўнаб кетдим. Мақсадим ишлаб пул топиш эди. 2012 йилда хотиним бир неча кишидан қарз олиб, ўғлим билан Қозон шаҳрига кетаётганини айтди. Мен бунга қарши эдим. Аммо у ўз билганидан қолмади. Орадан бир йил ўтиб, мен Бухорога қайтдим. Зилолага ҳам уйга қайтишини тайинладим. Бироқ у яна сўзимни икки қилди, қайтмади. Бироз вақт ўтиб, мен фарзандларим (улар уч нафар) билан маслаҳатлашдим ва уйландим. 2018 йил январь ойида ажрим учун судга ариза бердим. Ферваль ойида суддан қўнғироқ қилишди ва Зилола билан бирга яшамаётганлигим ҳақида маҳалладан далолатнома келтиришимни сўрашди. Эртасига маҳалла фуқаролар йиғинига бордим. Маҳалла маслаҳатчиси Зилоланинг қайтганини ва қаерда яшаётганини айтди. Тўғри ўша манзилга бордим. Унга вазиятни тушунтирдим ва ажрим учун судга боришини сўрадим. У эса «Ҳеч қаерга бормайман, нима қилсанг қил, сен билан ажрашмайман», деди. Жаҳлим чиқиб, мушт туширдим ва судраб кўчага олиб чиқмоқчи бўлдим. Аммо уй эгалари аралашиб, бизни ажратишди. Унинг молхона томонга қочаётганини кўриб баттар асабийлашдим. Ортидан қувиб етдим, сочидан тортиб ерга қулатдим ва паншаха билан бошига урдим. Қонга беланиб, қимирламай қолганидан сўнг билдимки, у ўлди. Шундан кейин ички ишлар бўлимига бордим ва қилган жиноятимга иқрор бўлдим. Ишонинг, мен бу ишни атай қилганим йўқ.

Судланувчи қарамоғида тўрт фарзанди борлиги ва қилган ишидан қаттиқ пушаймонлигини айтиб енгиллик сўради.

Қандай жазо белгиланди?

Судланувчи К. Пўлатов ЖКнинг 97-моддаси, 1-қисми билан айбли деб топилди. Унга 13 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати

ҳамда жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти суди судьяси

Завқий Қурбонов билан ҳамкорликда тайёрланди

    Бошқа янгиликлар