Пойтахтимизда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партяси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 27 йиллигига бағишлаб “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг Республика босқичи ўтказилди.
Қайд этилганидек, O‘zLiDeP тадбиркорлик – бу ҳар бир оила ва жамият фаровонлиги, барқарор ривожланиши ва мустаҳкамлиги гаровидир. Шу муносабат билан партия томонидан хотин-қизларни оилавий тадбиркорликка, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерликкка жалб этиш ҳамда бандлигига кўмаклашиш орқали оиалаларини мустаҳкамлаш, иқтидорларини рўёбга чиқариш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жойларда, айниқса энг чекка ҳудудларда, хотин-қизларга томорқадан даромад олиш усулларини ўргатиш, оилавий тадбиркорликни ва ҳунармандчиликни ривожлантириш, “Ҳар бир оила тадбиркор”, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга йўналтирилган мақсадли партиявий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бунда барча тадбирлар партия “Аёллар қаноти” фаоллари, депутатлар, тажрибали тадбиркорлар иштирокида “Маҳалла” жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан ҳамкорликда ўтказилмоқда. Ушбу “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови ана шундай партиявий лойиҳалар сирасига киради.
Конкурс иштиркочилари давлатимиз томонидан охирги икки йилда эркин ва фаровон жамият қуриш, аёлларни ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва мавқеини ошириш, оилаинститутини мустаҳкамлаш каби йўналишларда аввал мисли кўрилмаган тизимли ишлар ҳаётга татбиқ этилаётганини алоҳида таъкилдадилар. Энг асосийси - бу каби эътибор натижаси ўлароқ, мамлакат иқтисодиётининг таянч устунларидан бири бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда ҳам масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр хотин-қизларимиз етишиб чиқди.

O‘zLiDeP ана шундай фидоий хотин-қизларнининг яратувчанлиги, бунёдкорлиги, меҳнатларини улуғлаш, жамоат ишларидаги ўрни ва мавқеини юксалтиришни ўзининг асосий вазифаларидан бири деб билади. Ушбу мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб ташкил этилган кўрик-танловдан кўзланган асосий мақсад ҳам мамлакатимиз тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида фаол иштирок этаётган тадбиркор ва фермер хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ҳудудларда хотин-қизлар ўртасида оилавий тадбиркорликни жадал ривожланишини рағбатлантириш, хотин-қизлар тадбиркорлигининг илғор тажрибаларни оммалаштириш, тадбиркорликка оид касбий маҳорати ва билим даражасини ошириш учун зарурий шарт-шароит яратиш ва энг асосийси партия Дастури ҳамда 2017-2021 йилларда мамалкатимизни янада ривожлантиришга қаратилган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишдан иборат.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилган танловнинг бу йилги туман, шаҳар ва вилоят босқичларида 10 минг нафардан зиёд тадбиркор, ишбилармон ва фермер аёллар иштирок этди. Вилоят босқичида фаол иштирок этиб ғолибликни қўлга киритган 52 нафар тадбиркор ва фермер аёллар Республика босқичигача етиб келди.
Иштирокчилар дастлаб миллий куй, карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди ҳамда тадбиркор ва фермер аёллар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда тадбиркор, ишбилармон, ҳунарманд, фермер хотин-қизларнинг маҳсулотлари, айниқса, миллий йўналишдаги либослар намойиши кўрик танлов иштирокчиларида миллий ғурур, Ватанга муҳаббат, Мустақилликка бўлган шукроналик ҳиссини уйғотди. Ҳамкор ташкилотлар ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоларидан иборат бўлган ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг ишлари билан яқиндан танишиб, адолатли баҳолаб боришди.

Шунингдек, иштирокчиларнинг лойиҳа низомига мувофиқ, хотин-қизлар учун қўшимча янги иш ўрни яратганлиги, фаолият туридан келиб чиқиб экспортга йўналтирилган ёки импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш, аҳолига кўрсатаётган хизматининг сифати ҳамда фаолиятида ҳаётга татбиқ этиб келаётган янги инновацион ғоялари ҳам баҳолашда алоҳида эътиборга олинди.
Тадбирда иштирок этган соҳа мутаҳассисларининг таъкидлашича, мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришда кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари, айниқса, бунда хотин-қизлар иштирокини янада ошириш борасида қатор ишлар изчиллик билан амалга оширилди. Натижада жойларда аёллар раҳбарлигида кичик бизнес ва оилавий тадбиркорлик, фермер хўжаликлари, аҳолига сифатли сервис-хизмат кўрсатиш шаҳобчалари, ишлаб чиқариш корхоналарини ишга тушириш баробарида коллежни тамомлаган қизлар, айниқса уюшмаган ёшлар бандлиги таъминланди.

Ишбилармон аёлларнинг чинакам байрамига айланган мазкур тадбир давомида аёлни, Ватанни, истиқлолни мадҳ этувчи куй ва қўшиқлар садоси остида тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда ҳакамлар томонидан ишбилармон аёл мақомига муносиб кўрилган иштирокчилар номи эълон қилиниб, “Замонавий тадбиркор аёл портрети”, “Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли”, “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантираётган фермер аёл”, “Ташаббускор аёл” каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. Ишбилармон аёлларга партия ва ҳамкор ташкилотларнинг диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари тақдим этилди. Тадбирда, шунингдек, партия томонидан қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказилиши режалаштирилган, ўз томорқасида ўз бизнесини йўлга қўйган фуқароларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “Илғор фермер”,“Меҳнаткаш деҳқон”,“Намунали томорқачи” кўрик-танловлари тўғрисида ҳам маълумот берилди.
Тадбир якунида иштирокчилар учун концерт дастури намойиш этилди.






