АсосийJamiyat

“Энг азиз, энг улуғ” анъанавий танловининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди

'“Энг азиз, энг улуғ” анъанавий танловининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди'ning rasmi

Мустақиллик шукуҳи мамлакатимизда дилларни шод айлатган бир аснода байрам тантанаси ижодкорлар томонидан ўзгача кутиб олинмоқда.

Жорий йилнинг бошида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Журналистлар ижодий уюшмаси, “Тасвирий ойна” ижодий уюшмаси, Ёзувчилар уюшмаси, Миллий телерадиокомпания, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Бадиий академия, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ҳамда Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма етти йиллигига бағишлаб “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий танловини эълон қилган эди.

29 август куни эса Зарафшон концерт залида ушбу анъанавий танловнинг ғолиблари аниқланиб, тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

“Энг улуғ, энг азиз” танлови қуйидаги номинациялар бўйича ўтказилди:

– ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари;

– босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг мақолалари;

– оммавий ахборот воситаси сифатида давлат рўйхатига олинган веб-сайтлар ходимларининг журналистик ишлари;

– телевидение ва радио ижодкорларининг материаллари;

– тасвирий санъат, фото асарлари ва дизайн ишлари;

– кино санъати асарлари.

Ижодкорларни байрам тантанаси билан табриклаш ҳамда тақдирлаш маросими очиб бериш учун сўзга чиққан Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори Лазиз Тангриев танловнинг вилоят бочқичлари ҳар йилгидан ўзгача руҳда ўтказилганини, хусусан, танловга келиб тушган материалларнинг кўплиги ва долзарблиги боис Ҳакамлар ҳайъатига жуда катта масъулият юклаб, улар орасидан ғолибликка номзодларни танлаб олиш осон бўлмаганини таъкидлаб ўтди.

Энг асосийси, “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий танловида иштирок этган ёзувчи ва шоирлар, публицист ва журналистлар, Телевидение ва радио ижодкорлари, Интернет журналистикаси ходимлари, тасвирий санъат, фотография ва дизайн ҳамда кино санъати ижодкорларининг адабий-бадиий, публицистик ишларида “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этилиб, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”
Давлат дастурининг маъно-мазмуни кенг тарғиб қилишга қаратилган.

Чунончи, танловнинг республика босқичига 300 нафарга яқин ижодкордан 2 мингга яқин ижодий иш келиб тушди. Хусусан, “Ёзувчиларнинг бадиий асарлари” йўналиши жами 66 нафар муаллифнинг 96 та асари, жумладан, 9 та роман, 8 та ҳикоялар тўплами, 28 та шеърий тўплам ва достон, 9 та қиссалар, 21 та бадиий публицистик тўплам ва эсселар китоблари, 1 та пъеса, 13 та ОАВ ва интернет нашрларда чоп этилган туркумлари танловда иштирок этди. Ушбу рақамларнинг ўзи ёзувчи, шоирларимиз томонидан истиқлол неъмати нақадар кенг тараннум этилаётганини исботлайди.

Шунингдек, ғолибларни тақдирлаш учун Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директорининг биринчи ўринбосари Шукуров Собиржон Сайфиевич сўз олиб, ушбу танловнинг нафақат ижодкорлар ва зиёлилар учун, қолаверса, китобхон ва газетхон, телетомошабинлар учун ҳам аҳамияти аҳамияти катталиги билдириб ўтди.

Энг қувонарлиси, “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи билан анча йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келаётган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таржимон Амир Файзулла ҳам танлов ғолибларидан бирига айланди.

Сирасини айтганда, мамлакатимиздаги ижодкор зиёлиларнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш учун соҳага қаратилаётган юксак эътибор қаратилиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда зарур шарт-шароит ва имконият яратилмоқда. “Энг улуғ, энг азиз” республика танлови ҳам ана шу мақсад ва вазифаларга хизмат қилаётгани билан ҳам ўзгача аҳамиятга эгадир.

“Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи Матбуот хизмати

    Бошқа янгиликлар