АсосийJamiyat

Ёдгор Саъдиев: Фарзандимга тенгдош истиқлол

'Ёдгор  Саъдиев: Фарзандимга тенгдош истиқлол'ning rasmi

Байрам табриги

— Ўзбек санъати ўзининг катта мактабига эга. Ёшлар чет мамлакатларининг санъат йўналишидаги олийгоҳларида таҳсил олишлари албатта фойда, лекин истардимки ёш ижодкорларни кўпроқ ўзимизда тайёрлашга ҳаракат қилишимиз керак. Чунки Ўзбек киносида ўз дунёқараши, миллий менталитети бор. Ўша даврларда ўзбек киносидан ўрнак олишган, жумладан, режиссёрлардан Шуҳрат Аббосов, Раим Ботиров, Али Ҳамраев, Мелис Абзаловлардан ўрганишган. Афсуски, ҳозир шундай устозлар камайиб кетди. Мана шу масалага ҳам бош қотириш лозим, деб ўйлайман.

Иқтидорни Аллоҳ беради ва уни иш билан ёшлар бойитиши керак. Аммо бизнинг айрим ёшларда ҳовлиқмалик бор. Шошма-шошарлик – бу ҳаракат дегани эмас. Чет элдан олинган андозаларга дарров ён босиб кетишади. У барибир андоза.

Ўзбек киноси – бу ўз йўналишига эга Ўзбек киноси! Биз Мустақил давлатмиз. Ўзимизни устимизда кўпроқ ишлашимиз зарур. Ўзимизни иқтидоримизни олдинга йўналтиришимиз керак. Хусусан, театр ва киноактёрлари тинимсиз меҳнат авжидалар. Шахсан, ўзим бутун вилоятларга бориб келдим. “Обод қишлоқ” дастури бўйича янгиланаётган ҳудудларни кўриб фақат қувонч ила ҳайратландим. Бу биз ижодкорларни янада илҳомлантиради, албатта.

Турли соҳаларда тараққий этиш анча илдамлашган. Масалан, икки йил ичида дунё Ўзбекистонни қайта таниди. Бу йил мустақиллигимиз 27 ёшга тўлди. Мустақиллигимиз эълон қилинганида “мана, фарзандимиз туғилди” дегандим. Фарзандимиз энди 27 ёшда! Энг катта ҳамда фахрланадиган истиқлол байрами билан азиз юртдошларимизни чин қалбдан табриклайман. Оилаларида тотувлик, фаровонлик, ижодкорларга эса тилагим ҳеч қачон тўхтаб қолишмасин. Вақт ўтиб бормоқда, ватанимизга хизмат қилиб қолишимиз керак.

    Бошқа янгиликлар