АсосийJamiyat

Юнусободлик тадбиркорлар муаммолари ҳал этилди

'Юнусободлик тадбиркорлар муаммолари ҳал этилди'ning rasmi

Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаси томонидан пойтахтимизинг Юнусобод туманида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида учраётган муаммоларни ўрганиб, амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида «Солиқ хизмати – инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори» мавзусида учрашув ташкил этилди, деб хабар берди бошқарма матбуот хизмати.

Тадбирда дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги Фармонига асосан солиқ соҳасига жорий этилаётган янгиликлар мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Қайд этилганидек, Концепцияга асосан, 2019 йил 1 январдан бошлаб, барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг 4 шкалали ва ҳисоблаб чиқарилиши мураккаб бўлган тизимидан воз кечилиб, 12 фоиз миқдоридаги ягона ставка жорий этилади. Бу ўз навбатида, туманда истиқомат қилаётган 77 минг нафардан зиёд фуқаролар учун катта имкониятдир.

Бугунги кунда Юнусобод туманида 2672 нафар якка тартибдаги тадбиркор, 6645 та солиқ тўловчи юридик шахслар фаолият юритмоқда. Шунингдек. 1600 нафардан зиёд ёш ишбилармон ўз тадбиркорлигини йўлга қўйган.

– Аввало, бугунги тадбир бошқаларидан фарқли равишда очиқ мулоқот тарзида ўтгани учун ташкилотчиларига алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман, - дейди якка тартибдаги тадбиркор Дониёр Эркинов. – Чунки, солиқ юки камайтирилиб, тадбиркорлар учун қатор имкониятлар яратилаётгани ҳақида кўп бора эшитгандик, ўқигандик, аммо барибир саволлар кўп эди. Ўзгаришлар бўлгани яхши, аммо у амалиётда қай тарзда акс этади, деган саволга бевосита мутахассислардан жавоб олдик. Қолаверса, тадбир мавзусига мос тарзда солиқ хизмати – инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкорига айланаётганининг гувоҳи бўлдик.

Тадбирда иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 1 августидаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5495-сонли, 2018 йил
15 августдаги «Тошкент шаҳрида инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича экспериментни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги
ПФ-5511-сонли Фармонлари мазмун-моҳияти ҳақида ҳам батафсил тушунтиришлар берилди.

Таъкидланганидек, Президентимизнинг мазкур фармонлари мамлакатимизда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш, инвесторларнинг бу борадаги давлат сиёсатининг изчиллигига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз фаолиятларида учраётган муаммоли масалалар ўртага ташланди. Тадбир доирасида 8 нафар тадбиркорнинг муаммосига ижобий ечим топилди.

Учрашувда иштирокчиларнинг барча саволларига мутасадди ходимлар томонидан батафсил жавоблар берилди.

    Бошқа янгиликлар