Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Самарқандда бўлиб ўтаётган БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) Ижроия қўмитасининг 99-сессияси очилиш маросимида нутқ сўзлади. Нутқнинг тўлиқ матни ЎзА томонидан эълон қилинди.
Биринчи навбатда Президентимиз Ислом Каримов Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош котиби жаноб Талеб Рифаи ва кенгашнинг барча аъзоларига мазкур кенгашнинг навбатдаги сессияси мажлиси ўтказиладиган жой сифатида турли маданиятлар чорраҳаси ва жаҳон цивилизацияси дурдонаси бўлмиш қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрини танлагани учун самимий миннатдорлик билдирди.
«Азиз меҳмонларимизни мана шу меҳмондўст заминда кўриш ва бутун Самарқанд аҳли номидан, шахсан ўз номимдан ‘Самарқандга хуш келибсиз!’ деб айтиш менга алоҳида мамнуният бағишлайди», — деди президент.
Шундан сўнг, давлат раҳбари Ўзбекистон ҳудудида туризмнинг пайдо бўлиш тарихи ҳақида қисқача тўхталиб ўтди.
«Самарқанд шаҳридаги деворий расмларда Ўрта Осиёга дунёнинг турли ўлкаларидан келган элчилар, савдогар ва саёҳатчиларнинг ташрифи ўз аксини топган. Бу ноёб тарихий асарда бундан 2,5 минг йилдан зиёд аввалги даврда Афросиёб ҳукмдорининг саройида Хитой, Корея, Жанубий ва Шимолий Осиё ва бошқа давлатларнинг элчиларини қабул қилиш маросимлари тасвирланган. Ўзида энг қадимги даврлар ва бугунги ҳаётни узвий равишда уйғунлаштирган ушбу шаҳарда туғилиб вояга етган инсон сифатида сиз, азиз меҳмонларимизни мана шу меҳмондўст заминда кўриш ва бутун Самарқанд аҳли номидан, шахсан ўз номимдан «Самарқандга хуш келибсиз!» деб айтиш менга алоҳида мамнуният бағишлайди. », — деди президентимиз.
Ислом Каримов бугунги кунда дунёда шиддат билан ўзгариб бораётган вазият, глобаллашув жараёнларининг жадаллашуви, тез-тез такрорланаётган жаҳон иқтисодий ва молиявий инқирозлари халқаро туризм ривожи йўлида турли муаммолар туғдириб, унинг олдига янги-янги талаблар қўяётганини таъкидлар экан, бундай муаммоларнинг баъзиларига тўхталиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, 1 октябрь куни Самарқанд шаҳрида БМТ Жаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Ижроия қўмитасининг 99-сессияси иш бошлади. Ушбу халқаро форумда БМТнинг Жаҳон Сайёҳлик ташкилотлари вакиллари иштирок этишади. Бундан ташқари, унда АҚШ, Буюк Британия, Испания, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон, Греция, Миср, Туркия, Исроил, Сингапур, Таиланд каби ўндан ортиқ мамлакатларидаги халқаро сайёҳлик ташкилотлар вакиллари ва экспертлари қатнашади.





