Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси 1146 - ягона телефон рақамларини ишга туширди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати маълум қилди.
«Ишонч телефон»лари зўравонлик қурбонига айланган аёллар ва қизларимизга оғир вазиятдан чиқишларига ёрдам бериб, руҳий, ҳуқуқий ҳамда тиббий кўмак бериш мақсадида ташкил этилган. Бунда аёлнинг ҳоҳишига кўра, унинг шахси ва мурожаати сир сақланади.
"Зарур ҳолларда, жабрдийда аёллар республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилаётган Ижтимоий мослашув марказларига (шелтерларга) жойлаштирилади. Айтиш жоизки, бошланғич босқичда "ишонч телефонлари" тест режимида ишлайди", - дейилган хабарда.
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, бутун дунёда ҳар учинчи аёл (35%) ҳаёти давомида у ёки бу турдаги зўравонликка дуч келар экан. Бу бутун жаҳонда мавжуд бўлган ўта долзарб муаммолигини исботловчи статистик маълумотлардир.






