АсосийJamiyat

Қизилтепалик фермерлар давлатга пахта топшириш режасини бажарди

'Қизилтепалик фермерлар давлатга пахта топшириш режасини бажарди'ning rasmi

Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги “Валиобод”, “Аҳад бобо”, “Бирдамлик” фермер хўжаликлари давлатга пахта топшириш шартномавий режасини ортиғи билан бажарди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ўртачўл шароитида пахта бошқа ҳудудлардан кўра эрта етилади. Жорий йилда мавсумнинг қурғоқчил келгани миришкорларни яна бир жиддий синовдан ўтказди. Шунга қарамай, кўп йиллик тажриба натижасида белгиланган маррага эришилди.

– 31,3 гектар ерга пахтанинг “Бухоро-6” нави экилиб, режада белгиланган 76,6 тонна ўрнига 80 тонна ҳосил йиғиштириб олдик. Пахта кластер ҳамкоримиз “Baht-textile” масъулияти чекланган жамиятига етказиб берилди, – дейди “Валиобод” фермер хўжалиги раиси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Раъно Валиева. – Давлатимизда фермерларга яратиб берилган шароитлар, кластер усулининг жорий этилгани ер эгаларининг оғирини енгил қилди. Техника ва минерал ўғитлар ўз вақтида етказилиб, суғориш ишлари намунали олиб борилди.

Туман ҳокимлиги раҳбарлигида тузилган ишчи гуруҳ томонидан мавсум бошидан фермерларнинг муаммолари ўрганилиб, зарур тавсиялар берилди. Шунингдек, уюшган аҳолидан 60 нафари ўз ихтиёри билан теримда иштирок этиб қонунчиликда кўрсатилганидек, пахта пулларини оширилган нархда ўз вақтида олишгани, меҳнаткашлар ғайратига ғайрат қўшди.

    Бошқа янгиликлар