Барчамизга яхши таниш бўлган, болалигимиздан бери севиб томоша қилиб келаётган “Келинлар қўзғолони” фильми йиллар ўтса-да, ўз қадрини йўқотмай келаётир. “Бир асар тарихи” лойиҳамизда миллий фильмларимизнинг суратга олиниш жараёнларидаги қизиқарли воқеаларни эслаб, ижодкорларнинг суҳбатидан баҳраманд бўлишни режалаштирганмиз. Суратга олинганига салкам ўттиз йил бўлган “Келинлар қўзғолони” фильми қаҳрамонларини суҳбатга чорлар эканмиз, ўзимиз соғинган севимли фильмимиз қаҳрамонлари билан яна бир бор дийдорлашдик ва шу дийдорни сизга ҳам илиндик...
«СУРАТГА ОЛИШГА РУХСАТ БЕРМАЙ, ҚИЙНАШГАН»
“Келинлар қўзғолони”ни суратга олишимдан аввал Сотти ролини ўйнаган Дилбар Икромовани киносиновга чақирганман, у “Мен театр актрисаси бўлсам, фильмингизда ўйнолмайман, қолаверса, кинога чиройлиларни суратга олишади. Нима қиласиз мени безовта қилиб?” дея таклифимни рад этган. Студияга келганидан кейин зўрға уни Сотти ролини ўйнашга кўндирганман. Фильмни суратга олиш жараёни билан боғлиқ бир қизиқ воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. “Съёмка”да бизга шўрва керак бўлиб қолди. Ўчоқда шўрва қайнаб турганда Обид Юнусов оловни тўғрилайман деб, шўрвани қозони билан ағдариб юборган...
Шўрва қидириб, “съёмка”ни бир неча соатга тўхтатишга мажбур бўлганмиз. Кейин қозон тагида қолган озгина шўрвага сув қўшиб, қайнатиб кўрсатганмиз.
Ўшанда Фармонбиби ролини Марям Ёқубова ёки Зайнаб Садриева ўйнаши керак, деб картинани беркитиб, суратга олишга рухсат бермай мени анча қийнашган...
Агар Фармонбибини Зайнаб Садриева ўйнаганида фильм театрда қўйилган “Келинлар қўзғолони” билан бир хил бўлиб қоларди. Шу боис қайнона ролига Турсуной Жафаровани тавсия қилганман. Бу фильмда ўн беш, йигирма кишидан иборат актёрлар жамоаси суратга тушган. Лекин улар орасидан Турсуной Жафарова, оператор Нажмиддин Ғуломов, Наби Раҳимов, Диас Раҳматов, Жамшид Зокиров, каби фильмдаги ролларини қойилмақом қилиб ижро этган моҳир артистларимиз бугун орамизда йўқ… Илоҳим уларнинг руҳлари шод, охиратлари обод бўлсин.
"КЛАРА ЙЎҚОЛИБ ҚОЛГАНДИ"
Обид Юнусов, Ўзбекистон халқ артисти, 1934 йилда туғилган. Фильмда милиционер Асқар ролида:
— Бир куни “съёмка” жараёнида Клара йўқолиб қолди. Излаб топа олмадик. Бир неча соатдан сўнг иккита сумкани тўлдириб кино майдончасида Клара пайдо бўлди. Кейин билсак, уни бешик тўйига хизматга олиб кетишган экан (кулади). Клара туфайли “съёмка” жараёни соатлаб тўхтаб турган. Мен эса бу фильмда Унинг турмуш ўртоғи, милиция ходими ролини ўйнаганман. Ўзи кичкина ролни ўйнаганлигим боис бу ҳақда унчалик кўп гапиришга арзимаса керак деб ўйлайман...
Қискача маълумот:
Суратга олинга вақти: 1985 йилда “Ўзбекфильм” киностудияси томонидан суратга олинган.
Жанри: Оилавий мелодрама.
Асар муаллифи: Саид Аҳмад.
Режиссёр: Мелис Абзалов.
"ТЎЙДАГИ АРОҚЛАР СОХТА ЭДИ"
Соат Шарипов, 1953 йил 14 мартда туғилган. Фильмда Маъмур ролида:
— Мелис ака Фармонбибининг ўғли Маъмур ролига мендан ташқари Шерқўзи Ғозиев, Хайрулла Саъдиевни ҳам таклиф қилган экан. Синовдан ўтишим мумкинлиги хаёлимга ҳам келмаган. Қўнғироқ қилиб айтишганида, жуда хурсанд бўлганман. Фильмнинг тўй саҳнаси Тошкентнинг “Қорасув” мавзесида суратга олинган бўлиб, кинога таклиф қилинган актёрлар, тўйдаги меҳмон актёр (массовка)лар йиғилди, саҳналар қурилди. Тўй дастурхонига қўйилиши керак бўлган спиртли ичимликлар идишида сув ва чой борлигини биз актёрлардан бошқа ҳеч ким билмасди. Суратга олиш билан банд бўлганимизда, ўша атрофда юрган безори йигитлар ҳеч кимга билдирмай ароқларни ўғрилашибди. Бир маҳал тўйхонанинг тепасига чиқиб олиб устимиздан кулганча, “Ҳей, киночилар, сизларга омад. Кино суратга олаётган экансизлар, соғлигингиз учун!” деб бақириб, ароқни шишаси билан кўтаришди. Бироздан кейин эса жаҳл билан “Эй, бу қанақаси? Қанақа одамсизлар? Нега халқни алдаяпсизлар? Шишаларнинг ичидаги сув экан-ку”, дея қичқиришган (кулади).
"ШПИОН"ЛИК МЕНГА МАШІУРЛИК КЕЛТИРГАН"
Дилбар Икромова, Ўзбекистон халқ артисти, 1947 йилда туғилган. Фильмда Сотти ролида:
— “Келинлар қўзғолони” комедия жанрида бўлгани билан “съёмка” жараёнига жуда жиддий қаралган. Ролим ўзимга жуда ҳам ёққан. Шунинг учун иложи борича, образга киришга ҳаракат қилганман. Соттини ижро этганимдан сўнг бирин-кетин бошқа режиссёрлардан таклифлар туша бошлади. Кейинчалик, “яхшиямки, шу фильмда ўйнаган эканман”, деб хурсанд бўлдим. Суратга олиш ишлари тугаганидан сўнг худди бир нарсамизни йўқотиб қўйгандек бўлдик. Актёрлар жамоасида ҳамма бир-бирига ўрганиб қолган эди-да.
"КЎП КАДРЛАРДАН ҚОЛИБ КЕТГАНМАН"
Рихси Иброҳимова, Ўзбекистон халқ артисти, 1937 йилда туғилган. Фильмда Бўстон ролида:
— “Келинлар қўзғолони” фильмининг “съёмка” жараёнларида худди бир оиланинг фарзандларидек бирлашиб меҳнат қилганмиз. Агар эътибор берган бўлсангиз, мен фильмда жуда кам кўринганман. Қўзғолон “съёмка”ларида мен қаттиқ тумов бўлиб, шифохонага тушиб қолганман. Бу пайтда анча-мунча саҳналарни суратга олиб бўлишган. Шифохонадан чиққанимдан сўнг театрга бормай қўйсам, гап эшитаман, деб кўп кадрларда чиқмаганман.