Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизимини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиши белгиланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Унга кўра, Мактабгача таълим вазирлиги ходимларининг хорижда ўқиши, қайта тайёрланиши ва малакасини ошириши Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Шунингдек, жамғарма маблағлари:
- мактабгача таълим муассасаларини белгиланган тартибда мақсадли қурилишлар рўйхатига киритиб, уларнинг тармоғини кенгайтиришга;
- мактабгача таълим тизими ходимларини моддий рағбатлантиришга;
- юқори малакали мутахассислар, шу жумладан, хорижий мутахассисларни, шунингдек, хорижда фаолият юритаётган ватандошларимизни фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида Вазирликка ишлаш учун жалб қилишга;
- Вазирликка юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш доирасида давлат органлари ва ташкилотлари, лойиҳа институтлари, илмий ва олий таълим муассасалари, етакчи халқаро ва хорижий ташкилотлар мутахассисларини, шунингдек, экспертларни маслаҳатчилар сифатида жалб қилишга;
- Вазирлик, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, вилоят мактабгача таълим бошқармалари ва Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси, мактабгача таълим туман (шаҳар) бўлимлари ва давлат мактабгача таълим муассасалари биноларини жиҳозлаш ва таъмирлашга;
- таълим-тарбия жараёнига илғор педагогика ва ахборот технологияларини жорий этиш, шунингдек, Вазирлик фаолиятини такомиллаштиришга йўналтирилган бошқа тадбирларга сарфланади.