Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси республика ёнғин хавфсизлиги хизматига инновацион технологияларнинг татбиқ этилишини ўрганди.
Содир бўлган ёнғинларни тезликда ва телефон қўнғироғи бўлишидан аввал аниқлаш мақсадида, Тошкент шаҳрининг 12 та баланд қаватли биноларига 14 та юқори сезгирликдаги камералар ўрнатилди.
Бугунги кунда Тошкент шаҳар ИИББ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси Куч ва воситаларни бошқариш ва мувофиқлаштириш марказида ёнғин ўчириш самарадорлигини, тезкорлигини оширишга қаратилган махсус дастур ишлаб чиқилди. Ушбу тизим дастурий-техник комплексларни, автоматлаштирилган воситаларнинг тезкор мониторингини, куч ва воситаларнинг бошқаришни ҳамда мавжуд ва истиқболли автоматлаштирилган тизимларни ўз ичига олади.
Айни вақтда ушбу дастурни Самарқанд, Наманган ва Тошкент вилоятлари ИИБлари Куч ва воситаларни бошқариш ва мувофиқлаштириш марказларига татбиқ қилиш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Қайд этилган вилоятлардаги ёнғин ўчириш автомобиллари навигаторлар билан жиҳозланган бўлиб, уларнинг ҳаракатини онлайн режимида кузатиш мумкин.
Шу билан бирга, Тошкентда 12 та баланд қаватли биноларга ва телеминорага юқори сезгирликдаги, 360 даражадаги кўриш бурчагига ҳамда уларни диспетчер иш жойидан бошқариш имкониятига эга 14 та ИП камералар ўрнатилди. Ушбу камералар реал вақтда содир бўлган ёнғинларни аниқлаш ва кузатиш имконини беради. Қисқа вақт ичида улар оловнинг дастлабки босқичида 20 дан ортиқ ёнғинни “101“ рақамига қўнғироқлардан олдин аниқлашга ёрдам берганини таъкидлаш жоиз. Шунингдек, бундай камералар Тошкент, Самарқанд ва Наманган вилоятларида пилот режимда ўрнатилди.
03.10.2018 04:43
Тошкентда ёнғинни аниқловчи юқори сезгирликдаги камералар ўрнатилди






