Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов Корея Республикасининг Пучон университети ректори Ханг Жунг Сук бошчилигидаги делегация аъзолари билан малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилди.
Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатди. Музокараларда Тошкент шаҳридаги Пучон университети фаолиятини кенгайтириш, иқтисодиётнинг реал секторлари талабларидан келиб чиққан ҳолда малакали мутахассисларни тайёрлашни ташкил этиш масалалари ҳам атрофлича кўриб чиқилди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 июлдаги қарори билан Тошкент шаҳрида Пучон университети ташкил этилган бўлиб, 2018/2019 ўқув йилидан мактабгача таълим ва корейс тили йўналишларида бакалаврлар тайёрланмоқда.






