9 октябрь куни Мудофаа вазирлигида XVIII ёзги Осиё ўйинларида иштирок этиб, ғолибликка эришган ҳамда совринли ўринларни қўлга киритган Мудофаа вазирлиги Спорт клуби спортчилари ва уларнинг мураббийларини шарафлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Тақдирлаш маросимида Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов, жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси раиси Умид Аҳмаджонов, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Абдулло Сагдиев иштирок этди ва мамлакатимиз шарафини жаҳон спорт аренасида муносиб ҳимоя қилган армия спортчиларига миннатдорлик билдирди.

Тадбир давомида Осиё ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган ҳамда Олмаотада бўлиб ўтган бокс бўйича 22-халқаро турнирида муносиб ўринларни қўлга киритган спортчилар мудофаа вазирлиги томонидан маиший техника буюмлари, кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

Эслатиб ўтамиз, Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ўтказилган XVIII ёзги Осиё ўйинларида Мудофаа вазирлиги Спорт клубининг 50 нафар аъзоси ҳам Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиб, 10 та олтин, 12 та кумуш ва 11 та бронза медалини қўлган киритган эди. Бу мазкур Осиё ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар томонидан қўлга киритилган жами медаллар сонининг 48 фоизи демакдир.

