1

Дзюдо. Тошкентда Гран-При туркумига кирувчи йирик халқаро турнир ўтказилади

СПОРТ 15.10.2014, 15:10
Дзюдо. Тошкентда Гран-При туркумига кирувчи йирик халқаро турнир ўтказилади

Жорий йилнинг 16-18 октябрь кунлари пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” спорт саройида дзюдо кураши бўйича Гран-При туркумига кирувчи йирик халқаро турнир ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар беради. 

Дзюдо кураши бўйича Гран-При турнирлари ҳар йили дунёнинг 10 давлатида ўтказилади. Эътиборлиси, улар қаторидан Тошкент шаҳри ҳам ўрин эгаллаган. 

Юртимиз спорт муҳлисларига яхши маълумки, пойтахтимиз Гран-При туркумига кирувчи халқаро турнирга тўрт йил давомида (2016 йилгача) мезбонлик қилади. Мазкур мусобақаларнинг дастлабкиси ўтган 2013 йилда ўтказилган бўлиб, ушбу мусобақада дунёнинг 20га яқин давлат вакиллари ғолиблик учун кураш олиб боришган эди. 

Бу йилги мусобақаларда 2016 йилги XXXI ёзги Олимпия ўйинларининг лицензиялари учун рейтинг очколари ўйналиши боис, унда иштирок этиш истагидан бўлган давлатлар сони ўтган йилгига нисбатан икки баробар кўп бўлиши кутилмоқда. Гран-При турнирининг тантанали очилиш маросими “Ўзбекистон” спорт саройида 16 октябрь куни соат 16:15да бошланади. 15 октябрь куни соат 14:00да эса “Ўзбекистон” меҳмонхонасининг мажлислар залида матбуот анжумани бўлиб ўтади. 

Эслатиб ўтамиз, 2013 йили Тошкентда ўтказилган Гран-При турнирида мамлакатимиз полвонлари 5 та олтин, 3 та кумуш ва 5 та бронза медалига сазовор бўлишган. Бундан ташқари 9 нафар спортчимиз бешинчи, 13 нафари эса 7-ўринни эгаллашган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1