​Жиянини фарзандини сотган амма жазога тортилди

ЖИНОЯТ 15.10.2018, 14:24
​Жиянини фарзандини сотган амма жазога тортилди

2018 йилнинг 2 июль санасида жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди биноси очиқ суд мажлисида Ойдин Сатторова (мақоладаги исм- шарифлар ўзгартирилди) ва Малика Дадажоновага оид жиноят иши кўриб чиқилди.

Бу аёллар олдиндан ўзаро тил бириктириб, 2018 йил 24 мартда М.Дадажонованинг жияни Нигина Исмоилованинг ўғил жинсли чақалоғини туғуруқ бўлимидан олиб чиқиб, бола савдоси жиноятини содир этишган. Судланувчилар пул олди–бердиси маҳали қўлга олинган.

44-хонадондаги аёл

Ойдин Сатторова аввалдан бола савдосини режа қилмаган бўлиши мумкин. Аммо синглиси – Фарангизнинг ташрифидан сўнг уни айни масала қизиқтириб қўяди.

Фарангиз Қува туманида яшовчи Зиёда исмли аёл саккиз йилдан бери фарзандсизлиги ва бола асраб олмоқчилигини айтади.

– Ғалати аёл экан, опа. Менга «Болангизни менга беринг, боқиб оламан. Қанча сўрасангиз бераман», деди. Чунонам аччиғим келдики, ҳеч қачон бунга рози бўлмайман, деб қаттиқ гапирдим, – дея бўлиб ўтган воқеани сўзлаб берган синглисига Ойдин маслаҳат солади.

– Агар ўша аёл яна қўнғироқ қилса унга менинг рақамимни бер. Қандай гаплашиш кераклигини ўзим биламан! – дейди опа.

Орадан бир–икки кун ўтиб, ўзини Зиёда деб таништирган аёл О. Сатторовага қўнғироқ қилади.

– Саккиз йилдан бери бўйимда бўлмайди. Кўп марта даволандим. Натижаси бўлмади. Оилам бузилишидан қўрқаман. Агар таниш–билишларингизда чақалоқ бўлса, менга хабар қилинг, харажатидан қочмайман.

Зиёдага ўзича ичи ачиган О.Сатторова бола топишда ёрдам беришини айтиб, ҳаракатга киришади.

О.Сатторова шаҳардаги ўзи билган оилавий поликлиника гинекологи қабулига ёзилади.

– Соғлигимда муаммо йўқ. Аслида, бу ерга бошқа мақсадда келдим. Шу яқин орада никоҳсиз туққан ёки ҳали кўзи ёримаган аёлларни суриштираётгандим. Бир танишим бола асраб олмоқчи. Ҳарна савоб бўлади, деб ёрдам беряпман.

Ўзича танишининг гапини маъқуллаган шифокор унга шу яқин атрофдаги маҳалла номини айтиб, 44-уйда яшовчи қиз никоҳсиз ҳомиладор бўлиб қолганини дараклайди.

Шифокорнинг шу кунларда қизнинг кўзи ёрийди, деган гапидан ўзича қувонган О.Сатторова 44–хонадонга йўл олади.

«Куйинчак» амма

Ойдин Сатторова айтилган манзилни топгач, ҳақиқатан ҳам, никоҳсиз ҳомиладор бўлиб қолган қиз ҳақида билади. 44-уйда яшовчи Малика Дадажонова жияни ҳақида сўзлаб бериб, қандай қилиб бўйида бўлиб қолгани ва яқин кунларда кўзи ёришини маълум қилади.

О.Сатторова нима мақсадда келганини баён қилгач, М.Дадажонова туғилажак болани сотиш ҳақида ўйлаб қолади. Аёлларнинг ўзаро келишувига кўра, агар ўғил туғилса, чақалоқ 2 500 АҚШ долларига баҳоланади.

Малика Дадажонова билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг О.Сатторова Зиёдага қўнғироқ қилиб, Қўқонга етиб келишини тайинлайди. Бир неча кун ўтиб, Зиёда турмуш ўртоғим деб таништирган эркак билан бирга О.Сатторова билан учрашади. Учови Ноила жойлаштирилган туғуруқхонага йўл олишади.

Зиёда яқинда кўзи ёриган Ноила билан кўришади. Ноила болани беришга розилигини айтгач, О.Сатторова бошчилигида Малика Дадажонова тўртови ташқарига чиқишади.

М.Дадажонова бола учун 2 500 АҚШ доллари бераётганини ҳеч кимга, ҳатто Ноила ва унинг ота–онасига ҳам айтмасликларини сўрайди.

Ноиланинг туғуруқхонадан чиқиш вақти етганида О.Сатторова ва М.Дадажонова Зиёдадан айтилган пулларни олишади. Олди–берди маҳали фуқаролик кийимидаги шахслар воқеа жойига етиб келиб, уларни ҳибсга олишади.

Маълум бўлишича, Ноила Исмоилова Малика Дадажонованинг жияни, яъни акасининг қизи. Ноила турмушга чиқмай туриб, ҳомиладор бўлиб қолгач, отаси ундан юз ўгиради. Уйидан ҳайдалган қиз аммасиникида яшай бошлайди. Ойдин Сатторованинг ташрифидан сўнг Малика Дадажонова акаси билан учрашади ва ундан Ноилани кечиришини сўрайди. Бўлиб ўтган воқеалардан боши эгик отанинг кўнгли юмшаб, қизини кечириши, фақат туғилажак болани қабул қилмаслигини айтади. Шундан сўнг М.Дадажонова келинойиси билан бирга Ноилани ўртага олишади. Ноила «Фарзандим туғилгач, уни бефарзанд оилага беришни ўйлаяпман», дея фикрини маълум қилади. Айни сўзларни кутаётган М.Дадажонова пайтдан фойдаланиб, О.Сатторованинг таниши Зиёда ҳақида сўз очади. Уддабурон амма жияни ўз хоҳиши билан кўнганидан қувониб, ундан болани бериши ҳақида тилхат ёздириб олади. Тилхат Ноиланинг ота–онаси томонидан тасдиқланади. Қолганидан хабарингиз бор.

Алданган қиз

Судда гувоҳ сифатида қатнашган Ноила Исмоилова 2017 йил май ойида таниши – Музаффар исмли йигит уни алдаб, номусига текканини сўзлаб берди. Шу воқеадан кейин у ҳомиладор бўлиб қолади. Ноиланинг кўрсатмасида келтирилишича, у 2018 йил январь ойи ўрталарида фарзанд кутаётганини билган. Бу вақтга келиб ҳомила 32-ҳафталик эди.

Қизининг юкли эканидан хабар топган ота Ноилани уйдан ҳайдаб юборади. Ҳомиладор аҳволида хор–зор бўлишидан қўрққан она жигаргўшасини қайнсинглисиникига жойлаштиради. Амма эса жиянидан ўз манфаати йўлида фойдаланади.

Ноила Исмоилованинг кўрсатмасида келтирилишича, отаси билан қўнғироқлашгач, фарзандини бола асраб олмоқчи бўлган оилага беришга рози бўлган. Отаси бола учун пул олмаслигини, фақат шифохона харажатларигагина ёрдам кўрсатишлари мумкинлигини тайинлаган. Судда Ноила ўғли учун бир сўм ҳам олмаганини, бу ҳақида умуман гап бўлмаганини маълум қилган.

Жиноят жазосиз қолмаслиги аниқ. Ойдин Сатторова ва Малика Дадажонова ЖКнинг 135-моддаси, 3-қисми, «а» банди билан айбли деб топилди. Уларга уч йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати ҳамда жиноят ишлари бўйича

Фарғона вилояти Қўқон шаҳар суди судьяси Элёр Ҳакимов билан ҳамкорликда тайёрланди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1