Самарали ва рақобатдош солиқ тизимини яратиш, бюджетга турли даражадаги қўшимча солиқ тушумлари келиши барқарорлигини таъминлаш бугунги кунда янада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 2 августидаги “Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган солиқ ва божхона ислоҳотларини ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида Тошкент вилоятида ҳам вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, вилоят солиқ бошқармасининг “Солиқ ислоҳотларини амалга ошириш ва бюджетга қўшимча даромадлар захираларини аниқлашга оид ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қўшма қарори имзоланган.
Қарор ижросини таъминлашда Тошкент вилояти прокуратураси ҳамда давлат солиқ бошқармаси Солиқ соҳасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ходимлари томонидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Мақсад – бюджетга қўшимча даромад захиралари манбаларини аниқлаш.
Мамлакатимизда тадбиркорларга шунча шароиту имкониятлар яратиб берилганига қарамасдан ҳанузгача ноқонуний савдо, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиб келаётган фуқаролар учрамоқда, дейилади Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси томонидан тақдим этилган маълумотда.
Тошкент туманидаги Учқаҳрамон савдо мажмуаси ҳудудида ўтказилган профилактик назорат тадбирида фуқаро Мамаюсуф Ашуров 11А/Б-сонли дўконда бемалол савдо қилаётганига дуч келдик. Шу ўринда савол туғилади. На савдо фаолиятига рухсат берувчи патенти, на маҳсулотларининг ҳужжати бўлган бу шахсга савдо мажмуаси раҳбарияти томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги 253-сонли қарорига зид равишда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун шароит яратиб берганини қандай тушуниш мумкин.
Давлат қонунларига беписандлик билан қараш туфайли туманнинг “Чоштепа” кўчасида ҳам қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилган. Шундоққина серқатнов йўл бўйида автомобил эҳтиёт қисмлари савдосини йўлга қўйган фуқаро Одил Мухсимов давлат солиқ ходимлари томонидан расмий огоҳлантириш хати олганига қарамай, яна қонунни бузиб турса-я. Ёхуд қонундан устунман дегувчи ўзига ишонган орқа тоғлари бормикан унинг.

Солиқ хизмати ходимлари ўз фаолиятини расмийлаштирмаган 4 йигитга меҳнат стажининг пенсияга чиқишдаги афзалликлари, “конверт” усулида ойлик маош олиш жиноят эканлиги ҳамда қонуний тадбиркорлик учун барча шароитлар яратиб берилгани батафсил тушунтирилди.
Профилактик назорат тадбирлари давомида Эшонгузар маҳалла йиғини ҳудудида фуқаро Шоҳсанам Одилова томонидан озиқ-овқат маҳсулотларининг ноқонуний савдоси йўлга қўйилгани ҳам маълум бўлди.
Хулоса қилиб айтганда, солиқ хизмати органлари томонидан олиб борилаётган профилактик назорат тадбирлари солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясида кўзда тутилган устувор вазифаларни сифатли бажаришда муҳим қадам бўлмоқда.