АсосийJamiyat

“Ўзбекистон” ноширлари Жиззах пахта далаларида теримчиларга китоблар совға қилишди

'“Ўзбекистон” ноширлари Жиззах пахта далаларида теримчиларга китоблар совға қилишди'ning rasmi

Мамлакатимиз бўйлаб пахта йиғим-терими айни авжи палласида. Заҳматкаш теримчиларимиз азму шижоат ила далаларда пахта тер тўкиб пахта теришмоқда.


Пахтакорларга далда бўлиш, уларнинг маданий ҳордиқ чиқаришларига кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги тизимидаги нашриёт-матбаа ижодий уйлари ходимлари Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятига ижодий сафарлар уюштиришмоқда.

Хусусан, “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи ходимлари таниқли шоир ва ёзувчилар билан биргаликда Жиззах вилоятининг пахта далаларига боришди.

Жиззах вилояти Пахтакор тумани Оқбулоқ ҚФЙ “Оқбулоқ” сувдан фойдаланувчилар уюшмасининг “Метин бардоши” фермер хўжалиги 4-секторидаги пахта далаларига “Ҳорманг, қалби дарё пахтакорлар!” дея кириб борган нашриёт ходимлари заҳматкаш теримчи ва ҳашарчиларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида учрашувлар ўтказиб, бадиий тадбирлар ташкил этишди.

Ёш қаламкаш Бекмурод Бардош ўзининг самимий ва дилбар шеърлари билан меҳнаткашларнинг дилини хушнуд айлади.

Тадбир мобайнида “Ўзбекистон” НМИУда нашр этилган умумий ҳисобда 100 номдаги 400 га яқин китоблар теримчиларга туҳфа этилди.

– Яхши дам – меҳнатга ҳамдам, деганларидек, китоблар билан бирга қалбларимизга олам-олам қувончлар инди. Биз теримчиларни руҳлантириш учун ташриф буюрган нашриёт ходимларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Бундай маданий ҳордиқдан кейин, албатта, ғайратимизга ғайрат қўшилади, – дейди илғор теримчилардан бўлмиш Ўролова Муҳаббат.

Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан теримчи-пахтакорларимизнинг рағбатлантириш учун ўтказилаётган ушбу маданий тадбирлар Республикамиз аҳолисининг китобхонлик маданиятини оширишига, тафаккурини бойитишга хизмат қилиши шубҳасиз.

ЎзМАА “Ўзбекистон” НМИУ

Матбуот хизмати

Бошқа янгиликлар