Ёшлар китобхонлигини ошириш масаласида танланган тўғри йўлнинг илк натижаларини жорий йилда иккинчи марта ўтказилаётган “Ёш китобхон” республика кўрик-танлови мисолида ҳам кўриш мумкин.
Хабарингиз бор, 12-14 июль кунлари Республиканинг барча туман (шаҳар)ларида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида танловнинг саралаш босқичлари тест синовлари шаклида ўтказилган эди.
Шов-шувларга сабаб бўлган ушбу танловда ташкилотчилар томонидан бу йил кўп сонли ёшларнинг таклифлари асосида 10-14 ёш тоифаси ҳам қўшилди. Бу эса китоб ўқишга қизиқувчилар сонини янада оширди.
Буюк адиб ва мутафаккирларимизнинг нодир мероси, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, китобхонлик маданиятини кенг оммалаштириш, энг муҳими, ёшларнинг дунёқарашини шакллантиришни кўзлаган танлов борган сари оммалашиб, янги давр китобхонларини шакллантирмоқда.
Буни танловда иштирок этиш учун мурожаат қилган 720 минг нафарга яқин ёшларнинг ташаббусида ҳам сезиш мумкин.
Танловнинг тест шаклида ўтган саралаш босқичларида 3 та ёш тоифаси бўйича жами 5055 нафар иштирокчи 86 ва ундан юқори балл тўплаб, иккинчи, яъни туман (шаҳар) босқичига йўлланмани қўлга киритган эди.
Эндиликда аксар китобхонларимизни, лойиҳа кузатувчиларини танловнинг3-босқичи қандай ўтказилиши қизиқтирмоқда?
Демак, жорий йилнинг октябр ва ноябрь ойлари Республиканинг барча туман шаҳарларида “Ёш китобхон” танловининг ҳудудий босқичлари ўтказилади. 3 ёш тоифаси бўйича жами 534 нафар ёш танловнинг ҳудудий босқичларида ўз билимларидан синовдан ўтказади.
— Ҳар бир ёш тоифаси бўйича юқори балл тўплаб, ғолибликни қўлга киритган бир нафардан иштирокчи танловнинг Республика босқичига йўлланмани қўлга киритади. Танловга тажрибали соҳа мутахассислари ҳакамлик қилади, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Д.Каттаханова. — Танловнинг шаффоф, белгиланган меъзонлар асосида ўтиши учун барча имкониятлар сафарбар этилган.
Эслатиб ўтамиз, танловнинг Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти босқичларии 26-30 октябрь кунлари Тошкент шаҳридаги “Ёшлар ижод саройи”да, Хоразм вилояти босқичи 29-31 октябрь кунлари Урганч шаҳри “Ёшлар маркази”да, Андижон вилояти босқичи 2-4 ноябрь кунлари Андижон шаҳридаги “Ёшлар маркази”да, Фарғона вилояти босқичи 5-7 ноябрь кунлари Марғилон шаҳри Эркин Воҳидов номидаги ёш ижодкорлар мактабида, Наманган вилояти босқичи 8-10 ноябрь кунлари Тўрақўрғон тумани Исҳоқхон Ибрат мажмуасида, Қашқадарё вилояти босқичи 12-14 ноябрь кунлари вилоят телерадиокомпаниясида, Сурхондарё вилояти босқичи 16-18 ноябрь кунлари вилоят телерадиокомпаниясида, Қорақалпоғистон Республикаси босқичи 16-18 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон телерадиокомпаниясида, Навоий вилояти босқичи 19-21 ноябрь кунлари Навоий вилоят телерадиокомпанияси, Бухоро вилояти босқичи 22-24 ноябрь кунлари Бухоро шаҳри “Китоб олами”да,Сирдарё вилоятида 12-14 ноябрь кунлари Гулистон шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида, Самарқанд вилояти босқичи 22-24 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳри “Ёшлар маркази”да, Жиззах вилоятида25-27 ноябрь Жиззах шаҳри Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги мактаб интернатида бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, учинчи босқич — “Буюк мутафаккир ва адиб” ва “Бадиий асарлар билимдони” шартлари асосида ўтказилади.
Ғолибларни ҳар учала тоифаси бўйича 3 та Президент совғаси кутмоқда!
Гулчеҳра Ашурова