АсосийJamiyat

«Ёш китобхон» танловининг Тошкент шаҳар босқичи ғолиблари аниқланди

'«Ёш китобхон» танловининг Тошкент шаҳар босқичи ғолиблари аниқланди'ning rasmi

Буюк адиб ва мутафаккирларимизнинг нодир мероси, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, китобхонлик маданиятини кенг оммалаштириш, энг муҳими, ёшларнинг дунёқарашини шакллантиришни кўзлаган «Ёш китобхон» танловининг Тошкент шаҳар босқичи бугун ўз ниҳоясига етди. Жорий йилда иккинчи марта ўтказилаётган «Ёш китобхон» республика танловининг Тошкент шаҳар босқичи 26-27-октябрь кунлари Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтди. Бу йил кўп сонли ёшларнинг таклифлари асосида танловга 10-14 ёш тоифаси ҳам қўшилди. Бу эса китоб ўқишга қизиқувчилар сонини янада оширмоқда.

27-октябрь куни Тошкент шаҳридаги 15-19 ёш ҳамда 20-30 ёш тоифасидаги иштирокчилар «Ёш китобхон» танловининг ҳудудий босқич ғолиблиги учун беллашишди. Ҳудудий босқич «Буюк мутафаккир ва адиб» ва «Бадиий асарлар билимдони» шартлари асосида ўтказилди.

Ҳакамлар ҳайъати аъзолари баҳолаш мезонларига кўра биринчи шарт бўйича иштирокчилар жавобини адибнинг таваллуд санаси, жойи, асарларининг номи ва уларнинг мазмун-моҳияти, эътироф этилиши ҳамда бошқа жиҳатлари асосида баҳолашди.Иккинчи шартни баҳолашда асосий эътибор бадиий асар мазмун-моҳиятини очиб берилиши, асардаги бош ғоянинг тўғри шарҳланиши, аниқ мисоллар ва далиллар келтирилиши, адабий тил қоидаларига амал қилиниши, шунингдек, жавобларни бугунги давр муаммолари билан боғланишига қаратилди.

«Ёш китобхон» танловининг Тошкент шаҳар босқичида 10-14 ёш тоифасидаги 9 нафар, 15-19 ёш тоифаси бўйича 5 нафар, 20-30 ёш тоифаларида 4 нафар иштирокчилар ўз билимларини синаб кўришди.

Саралаш натижаларига кўра, танловнинг 10-14 ёш тоифасидаги иштирокчилари орасида Учтепа тумани 193-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Салоҳиддин Қаҳҳоров мутлақ ғолиб деб топилди. 2-ўрин Сирғали тумани 104-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Мафтуна Арзиқуловага насиб этди. 3-ўринни эса Бектемир тумани 290-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Шаҳрибону Оқмаматова эгаллади.

15-19 ёш тоифасидаги қатнашчиларнинг беллашувида Миробод тумани 328-сонли мактаб ўқувчиси Абдулазизова Маҳбуба1-ўринни эгаллади. Қолган иштиртокчилар ҳар иккала босқичда ҳам ўртача ҳисобда 55 баллдан кам тўпланганлиги сабабли 2-3-ўринларга муносиб ғолиб топилмаганлиги қайд этилди.

20-30 ёш тоифасидаги иштирокчилар орасидан Чилонзор туманидан Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университети талабаси Шоҳсанам Холбоева 1-ўринни, Учтепа тумани Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети 3-босқич талабаси Саодат Абдурахмонова 2-ўринни эгаллади. Баҳолаш натижаларига кўра 3-ўринга лойиқ иштирокчи топилмади. Ҳар учала тоифа бўйича 1-ўрин ғолиблари танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

«Ёш китобхон» танловининг ҳудудий босқичи ғолибларини тақдирлаш маросимида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан 1-ўрин соҳибига ноутбук, 2-ўрин ғолибига планшет, 3-ўрин эгасига китоблар жамланмаси тақдим этилди. Шунингдек, танловнинг барча иштирокчиларига китоблар, диплом ва сертификатлар совға қилинди.

Шаҳноза Нуруллаева

    Бошқа янгиликлар