Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Сергели туманида тўрт нафар вояга етмаган мактаб ўқувчиси зўрланиб, сўнгра икки нафари ўлдирилганлиги ҳақидаги маълумотлар тарқалди. Хабарда қайд этилишича, ушбу тумандаги 264-умумтаълим мактаби яқинидан 6 яшар қизалоқнинг, шунингдек, тумандаги қурилиш объектидан 14 ёшли қизнинг жасади топилган. Қизчаларнинг икки нафари эса зўрланган, аммо тирик қолган. Бу хабарни эшитган ота-оналар қанчалик ваҳимага тушганини тасаввур қилиш қийин эмас.
Юқоридаги ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан зудлик билан суриштирув ишлари олиб борилди. Натижада тўрт қизнинг зўрлангани ҳақидаги хабар номаълум шахс томонидан тарқатилган бўлиб, ёлғон хабар эканлиги аниқланди.
Ирина САЙФУТДИНОВА, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Ахборот-мультимедия маркази бошлиғи ўринбосари:
— Бу йил пойтахтимизда вояга етмаганларнинг зўрлангани ёки ўлдирилгани ҳақида ҳеч қандай жиноят қайд этилмаган. Шу боис мактаб ўқувчилари бўлмиш ушбу қизлар ҳақидаги маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди.
Сергели туманидаги 264-умумтаълим директори Дилфуза МАДРАҲИМОВА билан суҳбатлашганимизда бу мудҳиш хабарга тўлиқ изоҳ берди:
— 2015 йили шундай ҳолат ҳақиқатан ҳам туманимизда рўй берган. Қотиллик мактаб ҳудудидан ташқарида содир этилиб, жасад маҳалладаги хонадонлар яқинига ташлаб кетилган. Хонадон эгаси ташландиқ нарсани ахлат деб ўйлаб, уни махсус ахлат ташланадиган жойнинг панжараси остига олиб бориб қўйган. Шундан сўнг ички ишлар бўлими ходимлари томонидан бир ҳафта давомида суриштирув ишлари олиб борилган. Суриштирув натижаларига кўра, айбдор шахслар топилиб, жиноий жавобгарликка тортилган. Айни пайтда ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар 2015 йилга оид бўлиб, яқин орада бу каби жиноят туманимизда содир этилмади.
Янги ўқув йилида мактабимизда 675 нафар ўқувчи билим оляпти. Билим маскани ён-атрофида завод ва фабрикалар кўп бўлгани, транспортлар гавжум эканлиги боис ота-оналар фарзандларини ўзлари мактабга олиб келиб, олиб кетишади. Шу сабабли ҳам ўқувчиларимиз доимий назоратда. Бу каби кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ҳар бир оилани, ота-онани болаларнинг дарсдан кейинги кун тартибини қатъий назорат қилишга чорлаймиз.
Норасида гўдакларнинг ўлими ҳақидаги машъум хабарлар ҳар қандай инсон қалбини ларзага солади. Гарчи ёлғон хабар бўлса-да, бу каби ваҳшийликлар ҳақидаги узунқулоқ гаплар онгимиз, руҳиятимизга салбий таъсир кўрсатади. Олимлар ўтказган тадқиқотларга кўра, фитна ва ёлғонларга эркаклардан кўра аёллар тез ишонар экан. Айниқса, ёш болалар ҳақидаги қўрқинчли хабарлардан энг биринчи оналар саросимага тушишади.
Дилфуза АБДУЛЛАЕВА, ёш она:
— Телеграм мессенжерида Сергели туманида ўлдирилган қизлар ҳақидаги хабарни ўқиб, жуда ҳам юрагим ачишди. Вояга етмаган икки фарзандим билан шу йилнинг февраль ойида Сергели туманидаги кўп қаватли янги уйга кўчиб ўтганмиз. Ўзим кундузи ишда бўлганим учун ўғилларим мактабдан сўнг уйда ёлғиз қолиши хаёлимга келди. Фарзандларимни доимий назоратда ушласам-да, бу каби қўрқинчли маълумотлар мени ваҳимага сола бошлади. Ўғлимнинг синф раҳбарига қўнғироқ қилганимда ёлғон хабарларга ишонмаслигимни, Сергели туманида бундай жиноят содир этилмаганини маълум қилди.
Адиба ҒУЛОМОВА, психолог:
— Ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган хабарлар, айниқса, улар ёш болаларнинг ўлими ҳақида бўлса, руҳиятга салбий таъсир кўрсатиши муқаррар. Аслида, бу каби ёлғон маълумотларни савияси ва маънавияти паст кишилар тарқатади. Бунга жавобан, халқимиз ҳушёр муносабатда бўлиши керак. Энг асосийси, ёлғонни ростдан ажрата олиш даркор. Аввало, юқоридаги хабарларни эшитганда одамлар ўзини қандай тутиши керак, деган савол туғилади. Тўғри, бундай ҳолларда лоқайд ва эътиборсиз бўлишни тавсия этмаймиз. Шу билан бирга, ваҳимага тушиб, шов-шув қилмаслик ҳам керак. Ҳар қандай вазиятда ҳам ўзимизни қўлга олиб, онгли равишда иш тутишимиз лозим. Айниқса, муаммо фарзандларга бориб тақалса, ҳушёрлик ва эҳтиёткорликни қўлдан бермай, тўғри қарор чиқаришга одатланишимиз даркор.
Гулюз Баҳодир қизи






