Шу кунларда пойтахтимизда замонавий тиббиёт ва илм-фаннинг энг сўнгги ютуқлари асосида барпо этилаётган Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг қурилиши жадаллик билан олиб борилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, ушбу мажмуа 2020 йилда фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган. Мамлакатимиз билан Корея Республикаси иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик фонди (EDCF) билан биргаликда бунёд этилаётган ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 130,58 миллион долларни ташкил этади.

Номзодлар малака-маҳорати, хорижий тилларни билиши, жаҳон тиббиётининг энг илғор янгиликларини ўзлаштириш салоҳиятига қараб танлов асосида саралаб олиняпти. Ана шундай малакали шифокорлардан дастлабки 19 нафари саралаш жараёнидан муваффақиятли ўтиб, бир йил мобайнида Янгсан Пусан Миллий университетида таҳсил оладиган бўлди.
Сафар олдидан ушбу мутахассислар билан Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов учрашиб, уларга бир йиллик таҳсилни муваффақиятли якунлаб, эл-юртимизга муносиб хизмат қиладиган малакали кадрлар бўлиб етишишларида омад ва муваффақият тилади. Ўз навбатида, ёшлар ҳам вақтнинг ҳар лаҳзасидан оқилона фойдаланишга, ўзларига билдирилган ишончни оқлаб, тиббиётимизнинг эртанги тараққиётига муносиб улуш қўшишга ваъда бердилар.

Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази 381 номдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар, шу жумладан, ангиограф, компютер тамограф, юқори технологияли рақамли рентген ва флюороскопик тизими, мобил рентген аппарати, циклотрон каби энг сўнгги инновацион тиббий жиҳозлар ўрнатилиши кўзда тутилган.






