Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида” 2017 йил 13 сентябрдаги ПҚ-3271-сон қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан 2018 йил 16 ноябрь куни “Ноширлик иши: китобхонларнинг бадиий-услубий савияси, китобхон эҳтиёжини қондириш борасида таклиф ва тавсиялар” мавзусида амалий конференция ташкил этилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – китобнинг жамиятимиз маънавий-маърифий ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш, буюк аждодларимизнинг ёрқин хотирасини, замонамиз қаҳрамонлари тимсолини ҳаққоний ва халқчил акс эттирувчи адабиётлар салмоғини кўпайтириш, мутолаа маданиятини оширишдан иборат.
Конференцияда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги масъул ходимлари, ижодкорлар, ноширлар, адабиётшунослар, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган нашриётлар вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этди.
- Бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида китоб ва китобхонликни кенг тарғиб қилиш, ёш қатламига мос китоб маҳсулотларини чоп этиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган – дейди Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори Л. Тангриев. – Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу соҳани янада ривожлантиришга қаратилган қарори асосида соҳада жуда катта ютуқларга эришилмоқда, аммо бу билан чегараланиб қолиш керак эмас. Китоб ва китоб маҳсулотларини нашр қилишда эътибор қаратилиши зарур бўлган жиҳатлар жуда кўп. Масалан, мактабгача ва мактаб ёшидаги болаларга мўлжалланган китоблар экспертизадан ўтказиб, кейин чоп этиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман.
Ҳозирда Ўзбекистонда 1 минг 760 та матбаа корхонаси, 146 та нашриёт давлат рўйхатига олинган. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси, 14 та вилоят ахборот-кутубхона маркази, туман марказлари ва шаҳарлардаги таълим муассасаларида ахборот-ресурс марказлари, “Китоб олами”, “Шарқ зиёкори” ва “Ўздавкитобсавдотаъминоти” мажмуалари фаолият кўрсатмоқда.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида” 2017 йил 13 сентябрдаги ПҚ-3271-сон қарори асосида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан 2018 йилнинг ўтган даврида:
– I Халқаро матбаа форуми ташкил этилди. Унда АҚШ, Россия, Германия, Исроил, шунингдек, Марказий Осиё давлатларидаги йирик матбаа корхоналари, жумладан, дунёга машҳур “HP”, “VIP Systems ESKO”, “Scodix” каби компанияларнинг вакиллари иштирок этди;
– Остона шаҳридаги “III Евроосиё халқаро китоб кўргазма ярмаркаси”да Ўзбекистон делегацияси фахрий меҳмон сифатида иштирок этиб, 16 та турли даражадаги дипломлар билан тақдирланди. “Ўзбекистон” НМИУ томонидан чоп этилган Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг “XXI аср бўсағасида” китоби олий мукофот – Гран-прини қўлга киритди;
– Наманган вилояти Норин туманида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи томонидан “Норин овози” газетаси таҳририяти, 82400 дан зиёд бадиий адабиётдан иборат электрон мутолаа хоналари, ёш ижодкорлар тўгараги жойлашган Матбуот ва ахборот-кутубхона маркази очилди;
– китоб ва китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини янада такомиллаштириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, бу жараёнларни кенг тарғиб қилиш, мамлакатда китоб нашри ва унинг савдосини мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси миллий ассоциацияси ташкил этилди;
– “Китобхонлик маданиятини юксалтириш – буюк мақсадларимизга эришишнинг муҳим кафолатидир” шиори остида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказлари ҳамда Тошкент шаҳрида Республика “Китоб байрами” ҳамда “Болалар китоби” фестивали ўтказилди;
– Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ҳузурида ноширлик, матбаачилик ва ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш, шунингдек, соҳада йўл қўйилаётган баъзи камчиликларнинг олдини олиш, бу борада зарур маслаҳат кўмагини кўрсатиш мақсадида Жамоатчилик кенгаши ташкил этилди;
– Германия Федератив Республикасининг Франкфурт шаҳрида ўтказилган “Frankfurt Buchmesse” халқаро китоб кўргазмасида мамлакатимизда фаолият юритаётган етакчи нашриёт-матбаа корхоналаридан таркиб топган Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ўзбек ноширлари ҳамда матбаачилари эришган ютуқлар акс эттирилган тақдимотлар билан иштирок этди.
Конференция давомида “Ноширлик соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишлари: нашриётлар томонидан йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар, галдаги долзарб вазифалар”, “Жамият ҳаётининг тараққиёти ва фуқаролар фаоллигининг ўсишида мутолаанинг ўрни ва аҳамияти”, “Қўлёзма устида ишлаш: турли йўналишдаги адабиётларни нашрга тайёрлашда муаллиф ва муҳаррир ҳамкорлиги масалалари”, “Замонавий китобхон эҳтиёжи ва уни қондириш борасида ноширлар олдидаги долзарб вазифалар”, “Замонавий китоб: у қандай бўлиши керак? Бугунги китоблар хусусида кузатувлар, таҳлиллар, таклифлар” каби мавзулар кенг муҳокама этилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 22 октябрдаги 848-сон қарори талабалари, унга асосан нашриётлар томонидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар тушунтирилди.
Конференцияда мамлакатимизда фаолият юритаётган нашриётларда чоп этилаётган китобларнинг бадиий савияси, ижтимоий аҳамиятини юксалтириш, бу жараёнда муҳаррирлар, мусаҳҳиҳлар ва дизайнер-рассомлар масъулиятини ошириш, ижодий жамоларда ёш кадрларни тарбиялаш, устоз ва шогирд анъаналари тиклаш масалалари, бугунги кунда ноширлар олдига қўйилаётган талаблар, мавжуд муаммо ва камчиликлар, уларни бартараф этиш чоралари очиқ ва ошкора, танқидий руҳда муҳокама этилди.
Шунингдек, замонавий китобхон эҳтиёжи ва уни қондириш борасида ноширлар олдидаги долзарб вазифалар, ёш муҳаррир, техник муҳаррир, дизайнер кадрларни тайёрлаш, уларнинг малакаси ва тажрибасини ошириб бориш масалалари, бугунги китоб маркетинги муаммолари, нашриётлар фаолиятининг ОАВлардаги тарғиботи каби мавзуларда фикр алмашилди, мутахассисларнинг таклиф ва тавсиялари билдирилди.
Конференция якунида ноширлик ишини такомиллаштириш, китоб маҳсулотлари сифати ва савиясини ошириш ҳамда бу борадаги муҳим вазифалар юзасидан тегишли таклифлар асосида тавсиялар ишлаб чиқилди.