Россия ташқи сиёсатида муҳим ўрин тутган дипломатлардан бири, Михаил Богданов энди расман нафақада. Владимир Путин имзолаган фармонга кўра, у Яқин Шарқ ва Африка бўйича махсус вакил ҳамда Ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимларидан озод этилди. Фармон Россиянинг расмий ҳуқуқий порталида эълон қилинди.
Богданов 2014 йилдан буён Президентнинг махсус вакили, 2011 йилдан эса Сергей Лавров раҳбарлигидаги Ташқи ишлар вазирлигида ўринбосар сифатида фаолият юритиб келаётганди.
"Вақт келди"
Дипломат “Известия”га берган изоҳида истеъфони шундай изоҳлаган:
“Вақт келди. Ёш, пенсия.”
“ТАСС” эса Богданов “ёши сабаб” билан ўз ихтиёри билан истеъфога чиқиш аризасини ёзганини маълум қилган. У жорий йилнинг март ойида 73 ёшни қаршилаган. Россияда давлат хизматининг расмий пенсия ёши одатда 65, баъзида 70 ёшгача узайтирилиши мумкин.
Бой дипломатик тажриба
Михаил Богданов 1952 йилда Москвада туғилган, МГИМО (халқаро муносабатлар институти)ни тамомлаган ва 50 йилдан ортиқ дипломатик хизматда бўлган. У Россиянинг Исроил (1997–2002) ва Мисрдаги (2005–2011) элчиси бўлиб ишлаган, шунингдек, Араб давлатлари лигасидаги Россия вакили сифатида фаолият юритган.
ТИВдаги фаолияти давомида у Яқин Шарқ ва Африка мамлакатлари билан алоқаларни юритди, Суриядаги можарони тартибга солиш бўйича Россия позициясини илгари сурган дипломатлар сафида эди.
Мукофотлар ва эътирофлар
Богданов фаолияти давомида бир нечта юксак давлат мукофотлари — “Ватан олдидаги хизматлари учун”, “Александр Невский”, “Дўстлик” каби орденлар билан тақдирланган.