АсосийДунё

Юн Сок Ёл яна ҳибсда: Суд собиқ президентга қарши янги айбловлар қўйди

Жанубий Корея собиқ президенти Юн Сок Ёл ҳарбий ҳолат эълон қилгани сабабли яна ҳибсга олинди.

'Юн Сок Ёл яна ҳибсда: Суд собиқ президентга қарши янги айбловлар қўйди'ning rasmi

Жанубий Кореяда сиёсий можаро яна авж олди. Сеул суди мамлакат собиқ президенти Юн Сок Ёлга қарши иккинчи бор ҳибсга олиш ордери чиқарди. Бу сафарги айбловлар 2024 йил декабрида эълон қилинган қисқа муддатли ҳарбий ҳолат билан боғлиқ. Собиқ раҳбар мухолифатни бостириш мақсадида бир неча соатлик фавқулодда ҳолат жорий қилган эди.

Юн биринчи марта январь ойида ҳибсга олинган, аммо март ойида қўйиб юборилган эди. Бироқ кеча, 9 июль куни бўлиб ўтган етти соатлик суд мажлисидан сўнг, прокуратура томонидан илгари сурилган янги айбловлар асосида у яна тергов ҳибсхонасига жўнатилди.

Прокуратура судда “Юн эркинликда қолса, далилларни йўқ қилиши мумкин” деган фикрни илгари сурган. Суд эса бу даъвони маъқуллади ва собиқ президентга нисбатан ҳибсни узайтириш қарорини чиқарди.

Юнга қарши илгари сурилган янги айбловлар қаторида:

— ваколатни суиистеъмол қилиш,

— мансабдорларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш,

— расмий ҳужжатларни сохталаштириш ҳолатлари мавжуд.

Агар унга янги расмий айбловлар қўйилса, Юн дастлабки судгача олти ой давомида ҳибсда қолиши мумкин.

Маълумот учу, 2024 йил декабрида Юн Сок Ёл парламент билан кескин қарама-қаршиликда бўлган ва мамлакатда бир неча соатлик ҳарбий ҳолат эълон қилган. Ушбу ҳаракат мухолифат томонидан “қўзғолонга уриниш” деб баҳоланган ва унга қарши импичмент жараёни бошланган эди.

Юн бу ҳаракатни “сиёсий жиҳатдан асосли” деб ҳисоблаб, мухолифатни “ҳукумат ишини фалаж қилганликда” айблаган.

Орадан кўп ўтмай, 2025 йил июнь ойида ўтказилган муддатидан олдин президентлик сайловларида мухолифатдаги “Тобуро” демократик партиясидан Ли Чже Мён ғалаба қозонди. У сайловда 49,4 фоиз овоз тўплаган.

    Бошқа янгиликлар