АсосийДунё

Андижон ва Сурхондарёда солиқ инспекторлари пора билан ушланди

Солиқ идорасидаги айримлар тадбиркорни қўллаб-қувватлаш ўрнига, ундан пул талаб қилди.

'Андижон ва Сурхондарёда солиқ инспекторлари пора билан ушланди'ning rasmi

Андижон ва Сурхондарё вилоятларида Солиқ бошқармаларининг бош инспекторлари коррупсиявий жиноятлар билан қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати Darakchi.uz’га маълум қилди.

Маълум қилинишича, Андижон вилояти Солиқ бошқармасининг Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш – хизмат кўрсатиш бўлими бош инспектори Олтинкўл туманида фаолият юритувчи радио ва телеаппаратуралар савдоси билан шуғулланувчи МЧЖдан солиқ текширувини ўтказмаслик эвазига 3000 АҚШ доллари талаб қилган.

У аввалроқ МЧЖ раҳбаридан 500 доллар олган, қолган 2500 долларни олган пайтда эса ДХХ ва ИЖҚКД ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Сурхондарё вилоятидаги ҳолат ҳам шунга ўхшаш. Вилоят Солиқ бошқармасининг Солиқ органлари фаолияти устидан назорат қилиш бўлими бош инспектори Жарқўрғон туманидаги мотоцикл ва эҳтиёт қисмлар савдоси билан шуғулланувчи МЧЖга текширув қўйиш билан қўрқитиб, у текширувни ўтказмаслик учун 2500 доллар талаб қилган ва уни олган вақтда ДХХ ва Прокуратура органлари томонидан ушланган.

Ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

    Бошқа янгиликлар